Яқин қариндошлар учун ишончнома бекор бўладими?
«Mening fikrim» жамоавий мурожаатлар порталида яна бир мурожаат 10 мингтадан кўпроқ овоз йиғди.
Жамоавий мурожаатда «автотранспорт воситасидан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш» таклиф этилганди.
«Машинаси бор одамлар яхши билади. Бизда шундай тартиб белгиланганки, оила аъзолари, яқин қариндошлар бир-бирининг машинасидан махсус ишончномасиз фойдалана олмайди. Соддароқ айтсак, битта уйда, ҳовлида яшасак ҳам мен отамнинг, отам менинг номимга расмийлаштирилган автотранспортдан фойдаланиши учун анча вақт ва пул сарфлаб ишончнома олишимиз шарт. Ака-укалар, опа-сингиллар билан ҳам худди шундай аҳвол. Бу ҳам оилавий бюджетга зарар, ҳам ҳужжат тайёрлаш учун кўп вақт сарфлайсиз. Бегона одамларга ишончнома беришни тушуниш мумкиндир, лекин ота-она боласи, ака-ука, опа-сингил бир-бирига ишончнома бериши, очиғини айтсак қадриятларимизга ҳам, менталитетимизга ҳам тўғри келмайди», дейилади жамоавий мурожаатда.
Мурожаат муаллифи «автотранспорт воситаларидан фойдаланишда яқин қариндошларнинг бир-бирига ишончнома бериш тартибини бекор қилиш керак. Бу ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади, оилавий бюджетга ҳам ёрдам бўлади. Ҳам ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади», деб таклиф берганди.
Бу таклиф керакли овозни тўплай олди. Энди мазкур мурожаат 60 кун ичида Олий Мажлиснинг палаталари томонидан кўриб чиқилиши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter