ЙҲХБ вакили: кундузи чироқларни ёқиб юриш бўйича жарима тўлаганларнинг пули қайтарилмайди
Бугун Адлия вазирлиги томонидан «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарори бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Мазкур анжуманда кундузи фараларни ёқиб юриш бўйича қоидани бузгани учун жарима тўлаганлар пули қайтариладими, деган савол ўртага ташланди. ИИВ ЙҲХБ бўлим бошлиғи Азизхон Муродовнинг аниқлик киритишича, жарима тўлаганлар пуллари ҳайдовчиларга қайтариб берилмайди.
Лекин ўз навбатида баённома расмийлаштирилган, лекин жарима пулини тўлашга улгурмаганлар тўловдан озод этилади.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра автотранспорт воситаларининг барча турлари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларни ёқиб юриш ҳақидаги қоида 2021 йилнинг 1 январига қадар қолдирилганди. Шу тариқа баъзи истисноларни инобатга олмаганда, кундузи чироқ ёқиб юриш энди вақтинча талаб қилинмайди.
Куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак:
• транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
• йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
• болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
• хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
• механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);
• мотоцикл ва мопедларда.
Ҳужжатга кўра, «фаралар» бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter