Шерзод Носиров: «Муваффақият сари биринчи қадам: иссиқ ўриндан тур!»
Янги — «Яшил олма» лойиҳаси IT соҳаси мутахассисларини бир боғга жамлаб, келажак дарахтини бирга парваришлашга чорлайди! Олинажак ҳосил – яшил олмалар мақсад эмас, балки мақсадга олиб борувчи йўлдир!
Илк қаҳрамонимиз IT-Park резиденти ва логотипи муаллифи, ўз вақтида «Coca-Cola» компаниясида маркетинг бўйича директор лавозимида фаолият кўрсатган Шерзод Носиров бўлди.
Суҳбатдош ҳақида:
- Архитектор, график дизайнер, тадбиркор, маркетолог.
- IT-Park логотипи муаллифи.
- Тошкент Архитектура-қурилиш институтининг «Дизайн ва реклама» бўлимида таҳсил олган (2001-2005).
- Uzbekistan 360.uz саёҳат платформаси ва Arb.uz мобил иловаси, Ho.uz, Dezone.uz сайтлари асосчиси.
- «Coca-Cola» компаниясида маркетинг бўйича директор лавозимида фаолият кўрсатган (2007-2015).
– Сиз, «Яшил олма» муаллифлик лойиҳасининг илк қаҳрамонисиз ва мен дастур аввалида Сизга яшил олма тақдим этаман. Буни ўзига хос рамзий маъноси бўлиб, биз дастур мазмунига кўра, «ғоя»дан «ҳаётий маҳсулот»гача босиб ўтилган йўл ҳақида суҳбатлашамиз. Яшил олма эса, Сиз эришган натижаларингизни тимсоли сифатида қатнашади. «Олмага»ча бўлган йўл – ҳикоямизнинг мазмунини ташкил қилади. IT соҳаси билан қандай тиллашиб қолдингиз, илк қадамлар қандай бошланганди? Шулар ҳақида бир бошдан ҳикоянгизни бошласангиз. Марҳамат!
– IT соҳасига кирган пайтимиз 2010-2011 йиллар эди, чамаси. IT деганда, Ўзбекистонда фақат сайтлар тушуниларди. Сайтни ташкил қилган одам дастурчи дея аталарди. IT ибораси ишлатилмасди у вақтлар. Оддийгина қилиб, «программист» дейиларди. Ўзим ҳеч қачон код ёзмаганман, программалаштириш билан шуғулланмаганман. Лекин ўша пайтда ўзимнинг эҳтиёжларим юзасидан, яъни, бизнесда масалан, архитектура соҳасида фаолият кўрсатувчи компаниямизга бир яхши, мукаммал сайт қилишимиз зарурати туғилган. Мутахассисларни топиб, улар билан шу ишга киришганимизда, бу сайтни биз билмаган яна қандай имкониятлари борлигига ҳам алоҳида эътиборимизни қаратганмиз. Сайтни мулоқот боғловчи функциясидан ташқари, максимал даражада фойдаланиш мумкин бўлган жиҳатларига ҳам чуқур қизиқиб кетиб, «Буни амалиётда қўллаш мумкинми, мумкин бўлса, йўл-йўриғи қандай?», каби саволлар билан программистни тинч қўймасдик. У ҳам бошини бир қашлаб қўйиб, «Ҳа, амалласа бўлади, шекилли. Вақт керак бўлади», деб жавоб қиларди. Шу зайл сайт ишга тушганди.
2012 йилда бир платформа сайт бўйича иш бошладик. Бу ҳам ўзимизнинг эҳтиёждан. Кузатувларим натижасида, Ўзбекистон миқёсида бир-бирига яқин соҳа мутахассислари – дастурчи, дизайнер, фотографларнинг бир нуқтада жамланган онлайн макони йўқлиги маълум бўлди. Бирламчи моддиятни кўзламадик, мақсад – эксперимент бўлиб, лойиҳага четдан билдирилган муносабат қизиқ эди. Шу тариқа Dezone.uz сайтига асос солинди. Сайт ҳалигача фаолиятда, тўғри, ўз даврига хос бироз эскича тасвирий услубда. Вақт топиб, янги қиёфаси дизайни устида ҳам албатта ишлаймиз. Ўша вақтда ҳар бир ғоямизни IT имкониятлари орқали талқин қилиш мумкин экан, деган хулосага келгандик.
2014 йилларда эътиборимизни яна бир ғоя банд этди. Бу мобил илова эди. Ўша кезлар Ўзбекистон бўйича мобил иловалар бўйича қидирув берсангиз, Play Маркетда 10 та, балки 20 та, узоғи билан 30 та мобил илова бўлиши мумкин эди. Ўшандан 5, 10 таси энг сифатлиларини ташкил этган. Шу вақтда энг биринчилардан бўлиб, мобил илова яратишга қўл урганмиз. Бу Arb.uz деб номланган мобил илова – меҳмонхона, ресторан, бар, кафелар бўйича тизимлашган «HoReCa» бизнес хизмати йўналишида бўлиб, халқаро миқёсдаги тажрибаларни ўрганган ҳолда яратилган. Бунда дизайн соҳасидан хабардор эканлигим ҳам қўл келган. Мобил илова дид билан ишланиб, инсонлар учун барча қулайликлари ҳисобга олинганди.
Асосий ишим архитектура, дизайн, тадбиркорлик билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, бу лойиҳа билан бир вақтнинг ўзида мутассил шуғулланишга имконим йўқ эди. Ўзи умуман, бирор лойиҳа устида иш бошларканман, уни ҳосилини қачон оларканман деб, фақат бир нуқтага боғланиб қолмайман. Фақатгина ғоя бўлса, етарли эди менга. Унга тикилган пул ўзини оқлайдими, фойдаси қанча бўлиши-ю, даврийлиги неча йил бўлиши ва ҳоказолар қизиқтирмаган ҳеч.
Ғояни амалга ошиш жараёнининг ўзи завқли эди биз учун. Маҳсулотни яратилгунигача бўлган жараён йўлидаги изланишлар бизга шижоат ва илҳом бериб турган. Лойиҳаларимизнинг кўпи овоза бўлди, ёрқин паллаларини ҳам яшаб ўтди ўз даврида, молиявий томондан ҳам ўзини оқлашга улгурди. Лекин шу... Тушунарсиз, тизгинидан ҳеч қутулолмайдиган бир «ёмон» хислатим бор: бир лойиҳа билан банд бўлиб турган жараёнимда, бошқа бир лойиҳалар ғояси ҳеч тинчлик бермаслиги ва бунинг оқибатида бошланган иш четга сурилиши. Бу яхши ёки ёмонми, ўзим холис таҳлил қилолмайман.
Вақт тиғизлиги ва диққатнинг нишони турли қизиқишлар доирасига қаратилиши натижасида бошланаган лойиҳалар ярим йўлда қолиб кетаверган ёки иккинчи даражага тушиб қолган. Аслида, осон йўлимизни ўзимиз қийинлаштирамиз. Лекин бунинг ҳам яхши томони бор: тажрибангиз ошади, қилаётган ишингиз янада мукаммалроқ бўлади.
Параллеллик усулидан тўғри фойдалансангиз, ишларингиз бир-бирига ёрдам беради. Албатта, масалан, ўша ишни осон йўл билан қиладиган методлар ҳам нотўғри демайман, тўғри. Муддат, дедлайн бюджет омилларини четлаб ўтиб бўлмайди. Яъни, бу усулни ҳар доим ҳам қўллаб бўлмайди. Лекин ижодий одамларга шу нарса хоски, улар ўз устида ишлаш учун ҳар доим ўзини озгина қийнаши керак, ривожланиши учун. IT соҳасида айниқса!
– Архитектурадан IT соҳасига қизиқиш доирасида келгансиз, кейинчалик, бу қизиқиш мақсадга айланди. Қизиғи, кейин мутахассислик соҳангиз – архитектура билан мулоқотингиз қандай кечди?
– Болалигим даври саҳифасидан кичик бир тарихни ёдга олсам, ўқувчилик пайтим дафтаримнинг олди томонидан 4 варағига фан бўйича ёзилган бўлса, орқа томонидан 10,15 варағи чизмаларимга тўлган бўларди.Бу рассомликка бўлган қизиқишимнинг илк куртак очган палласи эди.
Кейинчалик, бу қизиқиш мақсадга айланиб, Тошкент Архитектура-қурилиш институтида таҳсил олдим. Сўнг дизайн соҳасида иш бошлаб, нуфузли компанияларнинг дизайн йўналишида фаолият кўрсатдим. Саккиз йил давомида поғонама-поғона раҳбарлик лавозимига қадар етиб, маркетинг бўйича директор лавозимида ҳам ишлаганман кўп йил. Маркетинг билан дизайн яқин. Яъни, ҳар доим мени соҳаларим, мен шуғулланаётган ишларнинг бир-бирига табиатан, ижодий яқинлиги бор.
IT соҳасига қадамимизнинг боиси, мазкур соҳа ривожланган соҳалар қаторида энг баланд чўққини эгаллаб турибди бугунги кунда. Шуни англаган ҳолда, IT соҳаси Ўзбекистонда энди ривожлана бошлаган вақтдан биз ҳам қизиқиш билдириб, маркетинг, дизайн, архитектура соҳаларидаги изланишларимиз, умуман, иш фаолиятимизга IT соҳасини интеграция қилдик. Чунки энди бу – замон талаби. Шу сабабли, архитектура, дизайн соҳасидаги фаолиятимни ҳеч қачон йиғиштириб қўймаганман.
Ҳозирги кунда архитектура йўналишидаги энг олди йирик компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб келяпмиз, лойиҳалар талқини ечими, албатта, IT соҳаси билан ҳамоҳангликда, боғлиқ ҳолда кечади. Буюртмачи компания мутасаддиларига ҳам шу маъқул келаяпти.
– «Ғоя»дан «реал маҳсулот»гача бўлган Сизнинг қадриятларингиз нималардан иборат?
– Бизнинг жамоада ёш мутахассислар кўп. Ўзимдаги озгина тажрибадан келиб чиқиб, ҳар доим уларга айтаманки, мақсадни тўғри белгиланглар, деб. Ўзини шахсий лойиҳаси бўладими ёки буюртма лойиҳа бўладими, фарқи йўқ. Мақсадни тўғри қўйиш зарур.
«Тезроқ битирсам-у, пулини зўр олсам-у, кейинги ишга ўтсам-у», деган кайфиятда ишлаб бўлмайди. Ўша буюртмачига ишни шундай топширайки, шу одам мендан шунақанги миннатдор бўлсин, эртага келиб, эй, дўстим, менга бир пайтлар яхши маҳсулот бергандингиз, бу сафар дўстимга ҳам сизни тавсия этгани келдим, десин. Яъни, бу бир томондан тадбиркорлик кўриниши, бошқа томондан эса ҳалоллик қадрияти бўлади.
Оддийгина: одам ишига мукаммал даражада, садоқат билан, ижодкорона ёндашиш керак. Аксинча, қарашларингиз бундан ҳоли бўлса, ривожланиш бўлмайди, қайси соҳа бўлишидан қатъий назар. Бирламчи – ишга бўлган муносабат, уни ортидан келадиган моддият эса иккиламчи.
IT соҳасини умумий биламан: дастурлар тури, жараён ҳақида. Ўзимга савол бераман: яратилган ёки яратиладиган дастурга талаб борми, бу дастур инсонларга, жамиятга нима беради? Бу учун дастурчи мутахассис бўлиш шарт эмас. Креатив тафаккурли одам бўлиш, кифоя. Дастурчи, албатта, керак. Бу учун дастурчи ўз иши билан машғул бўлмоғи лозим. Дастурчиларни ҳам хили кўп: аndroid, frontend, backend ва ҳоказо. Буни ҳаммасини билишинг керак, дегани эмас, тор йўналишда билиш етарли.
Асосан, биз IT лойиҳалари бўйича ўзимизнинг эҳтиёжларни қондириш учун, қолаверса, фаолиятимизни янада мукаммаллаштириш учун ишлаймиз. Ҳозирда бу борада кўп таклифлар бўляпти. Мақсадимиз, бу борадаги лойиҳалар сонини кенгайтириш, экспорт рақобатбардошлигини ошириш.
Катта бир таниқли компанияда раҳбар бўлиб ўтирганимда, қулай курси, шарт-шароит, мансаб, яхши маошга ҳам қарамай, иссиқ ўриндан онгли равишда турганман. Сабаб, ўзимни мустақил ишларим қолиб кетаётганлиги эди.
Бир вақтни ўзида архитектура ва бошлаб қўйган янги IT лойиҳаларимни параллел олиб боришни имкони қолмаганди. Бир оёғингиз уёқда, бири буёқда. Танлаш керак эди, иккисидан бирини: раҳбарлик ёки мустақил лойиҳалар? Кимдир уйидаги дивандан туриш керак бўлади. Комфортдан чиқиш керак! Ҳеч бўлмаса иссиқ ҳаводан совуққа чиқишдан бошлаш керак ишни. Хуллас, йўлни танлаб олиш зарур вақтида. Бу мени гапим эмас, китобларда шундай ёзилган. Бизнесменлар айтишидики, комфорт ўриндиғидан туриш керак, деб. Буни ўзимнинг тажрибамда ҳам кўрдим.
Одамларни маҳсулотга жалб этиш учун, одамлар билан гаплашишни бошлаш керак. У зўр дастурчи бўлса-ю, айтайлик, хонада зўр дастурни яратса, лекин одамлар билан муносабати бўлмаса, одамлар билан гаплашмаса, мулоқот занжири ишламайди.
Бу дегани ҳаммаёқда зўр таниш-билиш бўлиши шарт эмас. Бунга ўз фаолиятимдан мисол келтираман. Arb.uz мобил иловасини яратаётганмизда, бирорта ходимимни ёллаб, у ерга бор, бу ерга бор, дейишга имконим бўлган. Аксинча, биринчи бўлиб, ресторан, бар, кафеларга ўзим борганман. Борганингизда, у ерда ким кутиб олади? Албатта, биринчи бўлиб хостес, офицант ёки офицантни каттаси кутиб олади. У пайтлар ҳали раҳбарчилик хаёлдан кетмаган даврларимиз, қани, чақир хўжайнингни десак, кимсиз, деб кутиб олишлар, нима масалада деса, саволини оғирроқ қабул қилиб, шу кўйи остонада мулоқот бошланаган, кўз очилган.
Ўзимга ўзим ҳой, тўхта, деб туриб, таҳлил қилганман вазиятни. Демак, раҳбарлик қилаётган муҳитингизда ишлаётган усул, бошқа маконда кучини йўқотиши ҳам мумкин, деган хулосага келганман. Шунинг учун ҳар бир вазиятни вақтида англашни билиш керак. Айримлар ўз мансабидан, кибридан, амбицияларидан қутулолмайди шу вазиятда.
Луғатимдаги ҳис-ҳаяжонли сўзларни чўнтагимга солиб, кейин қани, энди бошқатдан бошлаймиз, деб туриб, қадам-бақадам ишни бошлаганмиз. Сўнг раҳбар, таъсисчилар билан ҳам кўришиб, ошна-оғайни бўлиб қолганмиз. Тушуниб етганманки, бир жойда амал қилиб келаётган муомалангиз, эртага ишламайди! Жойига, одамига, вазиятга қараб қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантириш зарур. Қайси муҳитда ўтирибсиз? Ким билан гаплашяпсиз? Бу жуда муҳим! Айтишади-ку, қоқилиб, қоқилиб, охири муваффақиятга борилади, деб.
Киши қоқиларканман, пулда куярканман деса, унда силжиш ҳам бўлмайди, муваффақиятга ҳам боролмайди. Кам сонли номдор тадбиркорлар қўлни қўлга урмасдан катта муваффақиятга эришишади. Улар кам сонли, лекин бор. Ўзбекистон миқёсида шундай йирик тадбиркор, мулкдорларни шахсан танийман. Улар кўпларни назарида пули кўп инсонлар. Ҳаёти зўр. Нега, биласизми? Чунки, улар сиз билан мендан кўп ишлайди. Тиними йўқ. Кўп жойда қоқилган. Кўплар алдаб кетган. Кўп пул йўқотган. Кўп нарсасини тикиб юборишган муваффақиятга етиш учун.
Аввало, одам бир ишни бошлашга қанчалик тайёрлиги ҳақида ўйлаб олиши керак. Кўпчилик шу механизмдан чиқолмайди: Ғоя борми, ғояни ўзи етарли. Ғояни олади-да, сотиб оласанми, дейди. Тайёргина, осон йўли бу. Яна шубҳаланиб қўяди: «Нега олишмаяпти, ахир, ғоя зўр-ку!» Ғоя зўр бўлиши ҳеч нарса эмас! Ғоя зўр бўлгани билан бирга, одам муомалали, ростгўй бўлиши жуда муҳим. Яъни, керакли жойда, керакли пайтда, керакли одам билан мулоқот ўрнатиш ва буни тажрибада синаб кўриш лозим. Маҳсулотнинг бозори чаққон эмаслигига харидор айбдормас. Маҳсулотнинг камчилиги устида ишлаш керакдир, балки?!...
Битта лойиҳамиз бор, 2016 йилдан ҳозиргача ишлаб келяпмиз устида. Жуда катта, глобал миқёсдаги платформа. Ҳеч бир жойда ҳалигача реклама қилмаганман! Қандай реклама қилишни биламан. Кўплар ҳайрон бўлиб, нега реклама қилмаяпсиз, деб сўрашади.
– Нима учун?
– Реклама қилиш осон! Минг, ўн минг, эллик минг доллар билан ҳам реклама қилса бўлади! Лекин уни реклама қилиб қўйганингиздан кейин, шундай баҳолашади: масалан, ичимлик суви, номи бунақа экан, имконияти бунақа ва ҳоказо. Балки мен бу маҳсулотни ҳозир чиройлироқ шаклга келтириб, мазасини тўғирлаб, йиллар ўтса ҳам, бозорда «зўр маҳсулот» деган мавқеини йўқотмайдиган даражага олиб чиқиб, кейин реклама қилсам, ўринли бўлар. Баҳоланаётганида ҳам, даражаси баландроқ бўлади. Шунда харидор олдида узр, ўша пайтда маҳсулот чалароқ эди, ҳозир янгиладик, деб қайта реклама қилмайман.
Сизни бир марта баҳолашади ва бўлди, нуқта. Кейин оқлолмайсиз ўзингизни. Бизда одамларни объектив, субъектив фикрлари жуда қаттиқ. Дейлик, бир олмани тишладингиз, мазаси ёқмадими? Бўлди! «Ким олиб келганди? Фалончи берувди, фалончини дўконидан олгандим. Ҳа, тушунарли! Қайта ишлама, у билан! Қайта кирма, унинг дўконига!» қабилида баҳолашади.
Олма ҳар куни алмашадиган нарса бўлса ҳамки, шу таассуротда қотиб қолинади. Шунинг учун реклама қилишдан аввал, «Тўхта, шу рекламани бир ойдан кейин қилсам, нима бўлади? Шошма, яна бир йилдан кейин қилсамчи, қанақа муносабат бўларкин?», деб маҳсулотни мукаммал поғонага олиб чиқиш ҳақида ўйлаш керак. У пайтгача сиз ўзингиз ўзгарасиз! Фикрларингиз ўзгаради. Кимгадир ҳозир реклама жуда зарур, реклама қилади, иши битади. Бироқ IT ва инновацион оригинал лойиҳалар хусусида гапираётганимизда, етти ўлчаш кетмайди. Етти юз марта ўлчашингизга тўғри келади!
Аввалдан айтай, келтирадиган мисолим, бу мени шахсий фикрим. Фақат шу усулни қўллаш керак, дегани эмас. Европада ғояни баён этиш бўйича «Elevator pitch» (Лифтдаги нутқ баёни) деган усул бор. Масалан, ҳозир 17 қаватли бинодамиз. Айтайлик, бино лифтига кириб қолдим. Мен стартапчиман ва қаршимда бир миллионер ёки IT соҳасининг номдор вакили. Лифт биринчи қаватдан то белгиланган қаватга етгунча, ғоянгизни айтиб беришга улгуришингиз керак. Сиз тингловчини ғояга қизиқтиришингиз керак! Ҳа, бу бўлиши мумкин! Хорижда ишлаши мумкин бу усул механизми. Лекин бу ерда вазиятни реал ҳолатга ўгирсак, ҳаётийликдан узоқ. Ўзбекчилик – суҳбатни ярми «салом-алик» билан ўтади. Сўнг хайрлашув! Бу эса реалликдан йироқ.
Бино ўттиз қават бўлса ҳамки, питчингни айтолмайсиз. Тадбирлар доирасида ўтказиладиган тақдимотлар учун ҳам давомийлик 10 дақиқа берилади ва бу вақт ичида талабгор на лойиҳасини тўлиқ баён эта олади, на ҳаяжонини боса олади. Қатнашиш керак бу каби тадбирларда, албатта. Бироқ бу натижали бўладими, йўқми, шу масала!
Ундан кўра, таклифим, ёш мутахассис ўз ғоялари устида тинмай ишлаб, унинг тақдимотига доимо шай туриши керак. Тадбирга келган одам, ўзбекистонлик бўлса, ғояни айнан шу ерда баён қилиш, фантастика эмас! Ўша одамни офисига бор, эшигини бир тақиллат, икки тақиллат. Эртасига раҳбар котиби «Яна «ўша» келди, нимадир хоҳлаяпти-ёв сиздан», деб бошлиғи билан ўзи сизни кўриштиради. Бу энди бошқа ёндашув, бевоситалик, юзма-юзлик.
Питчинг позициясини ўзгартириш даркор. Кўп ёшлар ўйлашадики: «Ғоя питчингини тадбирда айтсам, айтдим, бўлмаса йўқ». Йўқ, нимага?!. Қўрқиш керак эмас. Ҳозирги ёшлар виртуал олам одами бўлиб қолишганми, дейман. Ғоя тингловчиси билан жонли мулоқот қуриш зарур. Излаётган одамингизни офисини топинг, бу ҳам меҳнат. Телефонини топинг, бу яна бир меҳнат! Яъни, ўша бўлажак ёш мутахассис ўз лойиҳаси келажагига қанчалик ишонади? Шу маълум бўлади.
Агар лойиҳа ғоясига у қадар ишончи йўқ бўлса, уни ҳали чала ҳисоблаб, боришим шартмикан, деб ўтираверса, унда лойиҳани ўзида муаммо. Одамда эмас! Чунки лойиҳа ҳали тақдимот даражасида эмас! Лойиҳа мукаммал бўлса, кейин муаллифини ўзи ёнади.
Давлат раҳбари ҳузурида бўлиб ўтадиган кўриклар даражасида маррани баландроқ олиш керак. Давлат мутасаддилари ҳам кўриб, кучли лойиҳа экан, дея катта тақдимотга ҳозирлик кўришади. Бу борада реал ҳолатларни биламан. Бу аслида оддий нарса, фантастика эмас! Бунинг учун одам ўз устида тинимсиз ишлаши керак. Улгурмадим, лифт тез тўхтаб қолди, бари баҳона! Одамни ўзида ҳамма қолган гап, лойиҳа зўр бўлса, йўллар тез очилади. Мақсади нима, нияти нима? Мақсади бор инсон чалғитадиган нарслардан ўзини бартараф этади ва мақсади сари дадил боради!
– Стив Жобсни шундай фикри бор экан, қуйидагича: «Аломатлар содир бўлиши учун керакли нуқталар керакли жойда, керакли омиллар аро бирлашиши керак», деган. Сизни фаолиятингизга шу фикрни ўгирсак, шу нуқталарда Сиз нималарни кўрасиз?
– Унинг ҳаёти давомида содир бўлаганлари ишлари улуғвор ёки у ўта даҳо бўлганлигидан эмас. У ҳам маълум бир оддий муҳитда катта бўлган ва бу муҳит сабабларига кўра, айтганингиздек, маълум маконларга бориб қолган. Бу, албатта, тақдир билан боғлиқ ришталар.
Оддийроқ қилиб тушунтирганда, биз қилаётган ҳамма ишимиз тақдир изми ила, инсон эса аслида, оламда яратганнинг неъматларидан илҳомланади, холос. Инсоният нусха кўчириши, уйғунлаштириши, чоғиштириши мумкин, лекин асло яратмайди.
Тўғри, қаердадир ақлимизни озгина ишлатамиз, қаердадир абжир бўлишимиз, тадбиркорликни қўллашимиз керак бўлади ва яна бошқа ўринда креатив ёндашув ва ёки ижодкорлик талаб этилади. Бироқ бу ишни мен қилдим, дейишга ҳақли эмасмиз. Биз оддий инсонмиз!
Яратган агар одамзот пешонасига шу сени йўлинг, деб вазифаларини битиб қўймаган бўлса, имконсиз бари. Шу сабаб, «мен яратдим», «биз яратдик», деган жумлаларни қўллашдан қочаман. Ҳалоллик, тўғрилик, муҳит, атрофингизда қай тоифа одамлар борлиги эса муваффақиятнинг гарови.
Агар ҳар куни чойхонда ошхўрлик қилиб ўтирилса, шу муҳит таъсирига тушилади, кўникилади, оқибат ҳаёт тарзига айлантирилади. Шунинг учун одам ўзига қатъий белгилаб олиши керак: қайси муҳитда, ким билан бўламан, у ерда нима иш қиламан? Ўзи нима иш қилишни хоҳлаяпман? Агар ният фақат пул топиш бўлса, нима иш бўлишидан қатъи назар, ишнинг натижаси кутилгандек бўлмайди. Бир хил танишларимиз бор, ишни даромадини ўйламасдан таваккал қилади, лекин молиявий аҳволлари ҳар доим яхши. Ният тўғри бўлса, ризқ ўзи келади.
– Кун тартибингизни қандай режаштирасиз? Вақт омили сизни фаолиятингизда қандай ўрин тутади?
– Бу борада идеал эмасман. Анъанавий иш тарбида ишлайдиган инсонларникидан бизнинг иш жадвалимиз фарқ қилади. Иш 9:00дан бошланади ва кечки номаълум соатгача давом этади. Кун энг муҳим ишлар кетма-кетлиги билан бошланади. Белгиланган учрашувлар бўйича ходимларимиз билан дастур тузиб қўйганмиз. Лойиҳалар бўйича эса олдиндан аниқ бир санага қараб эмас, балки ой кесимида режа қиламан.
Буюртма лойиҳалар бўйича ишларда энг муҳими, мижоз айтдими, айтган вақтига буюртмасини етказиб бериш – олий мақсад. Жамоамиз йигитлари ўз ишининг усталари, баракалла дейман, уларга. Мижоз рози кетсин ва солиштирсин иш сифатини.
Алижон ва Валижон мисолини келтирсак: «Алижонга айтгандим, бир ойда чала нарса қилиб берди, Валижон буюртмани икки кунда топширди, зўр!» Шу фикрда таққосласин, мижоз! Бозор иқтисодиёти, ўзингизни кўрсатишингиз керак, СИФАТ билан! Маркетингга 10 минг доллар «отганингиз»дан кўра, ташқи рекламада сифатни восита билинг!
Ходимларимга ўзингизга қулай шароитни яратинг ва шижоат билан ишланглар, деб таъкидлайман. Мижоз ҳам, ходим ҳам рози. Бу ҳам маркетинг! Бундан афзали йўқ, қайси соҳа фаолият тури бўлишидан қатъий назар.
– Иш фаолиятим юзасидан кўп чет эл сафарларида бўламан, дедингиз. Охирги йиллардаги кузатувларингизга қараганда, IT соҳасидаги қандай новаторлик изланишлари, лойиҳаларидан илҳомландингиз ва уларни қай бирини Ўзбекистонда қўллаш мумкин, деган фаразларингиз бор? Ёки биздаги қайсидир бир лойиҳаларни ҳамкорликда, алмашинув тажрибаси асосида амалга ошириш мумкин, деб ўйлайсиз?
– Бир пайтлар Хитойга ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари олиб келиш мақсадида сафарга отландик. Лекин қайтишда эса бошқа ўй-фикрда қайтганмиз.Айрим вақтлар ўйлаётган лойиҳангиз ўхшамаслиги мумкин, лекин ундан зиёдаси билан фикрингиз кенгайиши ҳисобига, яхшиликка.
Тавсиям шуки, фақат сафарда эмас, кўча-кўйда, йўл-йўлакай инсонлар билан фикр алмашиб, ҳамкорлик ришталарини боғлашга одатланиш зарур. Дейлик, дўкондан бирор маҳсулот харид қилдингиз ва сиз дўкон эгаси, тадбиркорга нима бера оласиз? Балки реклама қилиб беришга имконингиз бордир, маҳсулотини. Фарқи йўқ, қайси хизмат тури билан биродарлик қўлини узатишингизни. Менинг ҳам маҳсулотимни ҳам кўриб кўргин, десангиз, бундан зўри йўқ. Чунки у, сиз билан ҳозир холис муносабатда: сиз унга мижоз, энг яқин одамсиз айни пайтда. Чунки сиз, пул берадиган одамсиз!
Ана ўша пайтда, яхши ниятда иш бошлаш керак. Шахсан ўзим дўконларга катта харид мақсадида борганимда, ходимидан хўжайнини чақиришини сўрайман ва олган маҳсулотим сифатига ўз миннатдорлигимни айтиб, хизмат турим бўйича маълумот бериб, таклифларимни билдириб кетаман. Бу борада хижолатчиликка ўрин йўқ. Бир хил раҳбарлар таклифингни юзма-юз келиб, тушунтир, қабилида йўл тутишни афзал биладилар. Бу энди бошқа масала!
Лекин имкон туғилганда, жойида юзма-юз муносабат боғлашнинг афзалликлари кўпроқ. Яъни, биринчидан, вақтдан ютасиз, иккинчидан, қоғозбозлик қилмайсиз. Бевоситалик – жуда яхши ишлайдиган ва натижа берувчи механизм.
Бу керакмас нарсани ўтказиб кетиш дегани эмас, сиз ҳам ҳамкорга арзирли хизмат таклифини бера олишингиз керак. Агар бунга кўзингиз етмаса, гап очишнинг ҳожати йўқ. Манфаатдорлик икки томонлама бўлиши керак. Мендан сотиб ол ёки бўлмаса, хизмат туримни қўлла, демайман.
Оддийгина мулоқотга киришаман, салом-алик бўлгач, ўша инсон фаолияти билан нимадир боғлиқ жойингиз борми, маълумот бериб кетинг. Тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларни укадек кўриб, тинглаб, маслаҳат бериш, тўғри йўл кўрсатиш – катта далда улар учун. Уларни тажрибасиз кўриб, тажрибанг йўқ, эплолмайсан, дейишдан олдин бир марта тинглаб кўринг, қўлингиздан келса, ёрдам беринг. Истеъдод қирралари очилишига сабабчи бўлиб қоларсиз, балки. Шахсан мен ўша ёш билан баравар, биргаликда, худди, ўзимни лойиҳамдек жон куйдираман.
– Сизни фаолиятингиз давомида муваффақиятсиз кечган лаҳзаларни ҳозирги тажрибангиз билан нима деб атаган бўлардингиз?
– Муваффақиятсизлик сизни доим безовта қилаётган бўлса, демак, туриш керакда, обдон ЎЗни тафтиш қилиш лозим. «Ўзи нима иш қилаяпман? Ишдан ташқари, шахсий яшаш тарзим қандай? Бу синовлар нега келяпти, бу воқеа нега мен билан содир бўлаяпти?» каби саволлар билан одам ўзини қийнаши керак.
Иш, уй-жой, машина, обрў-эътибор бирламчи эмас одам ҳаётида. Бирламчи – ҳаётни тўғри яшаш, ҳаёт тарзини тўғри белгилаш! Инсоннинг ҳаёт кечириш тарзи, мақсадлари тўғри бўлса, муваффақиятсизлик бўлганини кўрмаганман ҳеч. Муваффақият бўлади, албатта. Қоқилишлар табиий, бу ҳар бир киши ҳаётида бўлиб туради. Масалан, бир одамни иш бўйича кимдир алдаб кетди. Тезлик билан таҳлил қилиш керак вазиятни: нимага бундай бўлди? Агар сабабни тўғри тополса, муаммони бартараф қилишга эришади. Тополмасдан бошини деворга уриб ўтирса, ўша жойда ўтираверади.
Омадсизлик деган нарса йўқ. Омадни ўзидан, ён атрофидан қидирмоқ керак. Вазиятни таҳлил қилмасдан туриб, эй, бўлди, менга эмас экан, дейиш нотўғри. Қўлингизга зирапча киргудек бўлса ҳам, эй, тўхта, кимгадир қаттиқ гапирдим шекилли, деб фикрланса, ўша одам эртага шу қарашини бизнесда ҳам қўллай олади. Энг аввал, ўзингизга нисбатан тўғри, ҳалол бўлишга ҳаракат қилинг, бу бизнес фаолиятида ҳам муҳим. Қаердадир кимнидир ёки ўзингизни алдаяпсизми, ривожланиш бўлмайди! Бошқаларга нисбатан ҳурмат – ўзимизга нисбатан ҳурматдан бошланади.
Ҳамкорликда ишлаётган бизнес партнёрларингиз каттами, кичикми, фарқи йўқ. Улар сизни ишониш мумкин бўлган киши сифатида таниши керак. Яъни, ҳамкор шунга ишонадики, сиз, уни алдамайсиз, чув туширмайсиз, ишини чала топшириб, қочиб кетмайсиз. Шунда ҳамкорингиз нима қилади? 100 сўм қимматроқ бўлса ҳам, сиз билан ишлайди.
Раҳбарлар шундай тафаккур қилади: сифат кафолати бор, тузук мутахассис, тезкор. Шу нарсаларга эътибор берсангиз, мижоз буни дарров пайқайди. Гапда мен бунақаман, дейиш шартмас. Ҳаммасини ишингизда кўрсатинг, ишингиз орқали сизни танишсин, сизни баҳолашсин. Лойиҳадан 50 сўм ўрнига, 1 сўм топсангиз ҳам, сиз шу ишни пухта қилишга эришганингизни ўзи муваффақият аслида.
– IT соҳасини яқин келажакдаги 10 йилликда бошқа соҳалар билан мулоқотини, таъсирлашувини қандай тасаввур қиласиз?
– 2018 йил Президентимиз ташаббуси билан стартап-экотизим ва стартап лойиҳаларни такомиллаштириш ва уларни мамлакатимизда амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистонда ахборот технологиялари паркини яратиш ғояси илгари сурилди. Шунга кўра, 2019 йил, 24 июлда Тошкентда Ўзбекистон Республикасидаги биринчи IT- Park очилди. Бу воқеа соҳа мутахассисларини катта маррали лойиҳалар сари сафарбар этиб, шижоат илҳоми бағишлади.
IT-Park – Ўзбекистон IT соҳасининг лакомотиви сифатида фаол кишиларни атрофида бирлаштирувчи, замонавий техника инфраструктуралари, молиявий ва илмий кўмак ҳисобига ўз ғояларини ҳақиқий бизнес лойиҳага айлантирадиган жой. Бунга жавобан энди максимал даражада ҳаракат қилишимиз керак.
Бугунги кунда IT-Park имкониятлари кенгайиб, унинг филиаллари кўпаймоқда, янги бинолар қуриляпти. Бу ҳаммаси давлат томонидан соҳа ривожи йўлида муҳит яратилаётганлигидан далолатдир. Мақсад – аҳолини уйдан чиқариб, бандлигига ҳисса қўшиб, ишчанлик кайфиятини ошириш, экспорт салоҳияти даражасида ривожланишга йўл очиш.
– IT соҳаси остонасида турган ёшларга тажрибангиздан келиб чиқиб, бўлишадиган таклифларингиз? Ишни биринчи нимадан бошлаш керак?
– Мен ўзимни IT соҳасида катта бир маррани забт этган киши санамайман. Агар нимадир қилган бўлсак ҳам, ҳали ҳаммаси олдинда, дейишни лозим кўраман. Натижа мақсад эмас! Мақсадга олиб борувчи восита! Айрим йигитлар бор, ишни кеча бошлаган. Электрон соат, тақвим, сайт яратдим, деб фахрланади. Яхши, лекин ўз устида тинмай ишлаш – ривожаланишнинг гарови.
Бу қилган ишимни кеча youtubeдан кўриб, тайёр нарсани кўчирдим, энди ўзим бир янгилик қилишим керак, деган фикрда йўл тутиш лозим. Одам буткул ўз ишидан қониқиш ҳиссида бўлиб қолиши керак эмас. Мана бўлди, қойил қилдим, чиройли сайт чиқди, энди шуни давом эттириб юравераман деса, хато! Уриниб кўрдим, бир нима ўхшади, энди мураккаброғига қўл урай, деган чанқоқлик кайфияти кучли бўлиши керак. Ишга нисбатан созлашув тўғри бўлиши жуда муҳим.
– Суҳбат сўнгида мен сизга алоҳида миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Ўзи ҳеч нарса тасодифан бўлмайди. Ҳар бир нарсада ҳикмат бор ва айни шу «Яшил олма» лойиҳасининг ғояси туғилишида IT-Park учун чизган логотипингиз менга жуда ҳам илҳом берди. Тасвирдаги дарахт – яшиллик, ҳаёт ва унда инсон омили. Навниҳол ва инсон омили уйғунлашар экан, албатта, унинг меваси ҳам бўлиши табиий. Шу ўйда «Яшил олма» лойиҳаси ғояси туғилди. Рамзий маънода лойиҳанинг ушбу қалдирғоч сони эса ғоянинг илк нишонасидир!
– Янги лойиҳа бошлабсизлар, авваламбор, Аллоҳ насиб қилиб, ривожланиб, катта бир лойиҳага айлансин! IT-Park ҳам фақатгина ғояни ўзидан бошланган. «Яшил олма» ҳам худди IT-Parkдек нуфузли, таниқли лойиҳа бўлиб, инсонларга фойда келтирсин!
– Келажак дарахтини бирга экамиз, бирга парваришлаймиз. Айнан шу яшил олма Сизнинг ҳосилингиз бўлиши мумкин!
Лобар Қобилова суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter