Қўзивой «ишли» бўлди
Қўзивойнинг чумолига ҳам зиёни тегмасди. Юмшоқ табиатлилиги яхшику-я, лекин ҳеч кимга фойда бермагани чатоқ. Ота-онаси жаврагани-жавраган. Бўйинг эшикка сиғмайди-ку юришингни қара, сен бекорчихўжага биров қизини берармиди?! Мундоқ одамга ўхшаб бир ишнинг бошини тутсанг-чи…
Бу таъна-дашномлар гўё сув кўтармайдиган гуручдек Қўзивойга таъсир қилмайди. Уйдагилари гап бошлаши билан телевизорнинг овозини баландлатиб қўяди, тамом.
Аслида-ку, бекорчилик унинг ҳам жонига теккан. Лекин нима қилсин, бу қовоқ калласи билан университетнинг остонасига ҳам яқинлашолмайди. Иш дегани ариқда оқадиган, дарахтда тугадиган нарса эмас, ҳа деганда топилаверса. Вақтида номи улуғ корхона-ташкилотларнинг дев ҳуркадиган дарвозасини кўп бора қоққан, аммо фойдаси йўқ. Туфлиси емирилгани қолди, холос. Ўқишдан ҳам, ишдан ҳам қўл ювган Қўзивой тулбузорни безор қилиш, кўча санғишдан бошқасига ярамайди.
Бир куни дилбузарнинг қулоғини бураса, оғзи қулоғида, бир йигит кўриниб қолди. «Маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилотларга раҳмат, ўзим хоҳлаган маошда, қизиққан соҳам бўйича иш топиб берди. Энди, енгни шимариб меҳнатга шўнғиймиз», — дейди у. Буни кўриб Қўзивой кафтига муштлади ва «Бўлди-да шунча бекор юрганим, энди маҳаллага чиқаман», — деди-ю ўрнидан сапчиб турди.
Шу шашт билан бориб маҳалла гузарининг эшигини қоқди. Аммо ҳеч ким йўқ. Тўғри-да, соат ўнда фақат хўроз кўзларини ишқалаб ўрнидан туради. Маҳалла раиси уни Қўзивой сўраб келганини қаердан билсин, ахир! Чамаси бир соатлардан кейин шоп мўйловли, қорни қаппайган раис — Бемалолхўжа ака келиб қолди.
— Эй, Қўзивой, ўзингмисан, — деди раис бува эшикни очаркан. — Биз томонларга келмайсан ҳам, кутиб қолмадингми ишқилиб. Сўнг ўзини оқламоқчи бўлгандек қўшиб қўйди: «Бир дақиқа ҳам тиним йўқ, мана ҳозир уйма-уй юриб, аҳоли турмуш шароитини ўрганиб келяпман».
Бир оз ҳасратини тўккач, Бемалолхўжа ака Қўзивойнинг нима сабабдан келгани билан қизиқди.
— Хўш, ука, бизга нима хизмат?
— Қуйсангиз-чи, ака, муштдай бўлиб сизга хизмат айтаманми, бизга юмуш бўлса бажарайлик деб келгандим.
— Узоқдан бошламай дангалини айтовур, бегона эмасмиз-ку.
— Биласиз, коллежни тугатганимга ҳам икки йил бўлди. Омад юз ўгирдими, билмадим, ўқишга ҳам киролмадим. Қисқаси, иш сўраб келгандим.
— Иш-шшш, — деди бошини қашлаганча Бемалолхўжа ака. — Ана шу катта муаммо-да. Бакалавр дипломинг бўлса ҳам майли эди, укам.
— Гузарнинг кираверишида «Бўш иш ўринлари» деган эълонга кўзим тушганди, — деди Қўзивой раиснинг гапини бўлиб. — Ўшалардан бири бўлсаям майли. Қимирлаб турсам бўлди, ака.
— Ҳа, рўйхатми?! У ўтган ойники, ишлар аллақачон эгасини топиб бўлган.
Суҳбатнинг белига тепиб, кимдир эшик қоқди. Салом-аликдан сўнг, газетдан мухбир экани, маҳалладаги ўзгаришларни ёритмоқчилигини айтди. Курсида ёйилиб ўтирган раис бува ўрнидан дик этиб турди. Кўзлари хонасидан чиқиб кетгудек бўлиб кўзойнак таққан, дафтар-қаламини қўлтиқлаб, бўйнига фотоаппарат илиб олган журналистга юзланди:
— Заб иш қипсиз-да, танловда адашмабсиз. Бизнинг маҳалла намунали, сариштали маскан.
У ёқ-бу ёққа аланглаётган мухбир акамизнинг кўзи Қўзивойга тушди. Раис ҳам, маҳалла ҳам бир четда қолиб:
— Қайси хонадонда яшайсиз, ўзингизни таништиринг, нима учун маҳаллага чиқдингиз? — деди дабдурустдан.
— Иш керак эди, — жавоб қилди Қўзивой.
Мухбир маҳалла раисига қараб:
— Хўш, укамизнинг муаммоси қандай ечим топяпти?!
Тўсатдан берилган саволдан раис ўзини йўқотиб қўйди.
Гапни узоқдан бошламоқчи бўлиб, «Биз маҳалланинг ҳар бир фуқароси билан яккама-якка мулоқот қилиб, муаммосини …»— деган ҳам эдики, газетчи уни аравани қуруқ опқочаётганини сезиб, гапни шартта бўлди:«Аниқ-тиниқ қилиб айтинг, муаммонинг ечими борми?».
— Ҳозир шу масалада гаплашиб тургандик, тўғрими, Қўзивой, ўзинг айт, — деди салмоқланиб. Қўзивой энди ғудрана бошлагач, раис яна гапни илиб кетди.
— Қўзивойни бўш иш ўринлари билан таништириб бўлгач, маҳалла посбони лавозимига тайинлаб, унинг вазифаларини тушунтириб бераётгандим. Тўғрими-а, Қўзивой..?
Нима бўлаётганини ҳали англаб етмаган Қўзивой бош ирғади.
— Ана, маладес, ўзи яхши бола-да, — деб Қўзивойни таърифлай кетди раис.
Журналист тилла топгандай қувонди, шунинг ўзи етарли – маҳалла фаоллари бир ёшни ишли қилди. Мақола учун зўр мавзу. «Энди икковингизни ҳам суратга олай» — мухбир фотоаппаратини созлаб, шақ-шақ расмга тушира бошлади.
Яна раис бува билан Қўзивой ёлғиз қолди. Бир-бирига бир муддат тикилиб: «Э, Қўзивой, Қўзивой, ишинг ҳал, укам. Буни қара, кутилмаганда посбонлик ўрни бўшлиги хаёлимга келиб қолди.
— Ишинг беш бўлади, — дея раис бува мажлиси борлигини айтиб, Қўзивойга эртага келишини тайинладию, ўзи идорадан чиқиб кетди…
Эртаси куни Қўзивой пўрим кийиниб, яна маҳаллага келди. Худди маҳалланинг каттасидек ғўдайиб юрган мушукни қувлади. Мактабга бормаган Аҳмадга дакки берди. Бир чеккада папирос тутатиб турган ўсмирларга ҳам роса гап уқтирди. Кейин маҳалла идорасига кирди.
Қарасаки, синфдоши Бўривой посбонлик кийимида бир чеккада қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Қўзивой хушламайгина саломлашди. Сўнг хонанинг тўрида ўтирган раис бувага ўқрайди. Бемалолхўжа ака ўзини ишга берилиб кетгандек тутди. Асаб толалари дутор симларидек таранглашган Қўзивой қаттиқ йўталди.
Раис ўрнидан қўзғалиб:
— Қўзивой тузукмисан?! Буни қара, иш кўплигидан келганингни ҳам сезмай қолибман, — дея Бўривойга имлади. У кўчага чиқиб кетди.
— Ҳалиги, юқорига посбонлик учун сенинг номзодингни бергандим, — давом этди оқсоқол, — аммо тасдиқланмади. Бўривойнинг «танка»си бақувват, шекилли. Энди ҳаммасини ҳам маҳалла раиси ҳал қилмайди-да, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Лекин ташвишланма, номингни туман бандликка кўмаклашиш марказидаги ишсизлар рўйхатига қўшиб қўйдим. Този итдай маҳаллани санғиб юрасанми, ундан кўра марказдан масъулроқ иш чиқиб қолар. Кўп ғам ема, уларнинг ўзлари тез орада сен билан алоқага чиқади, ҳали катта одам бўлиб кетасан, Қўзивой!
Қўзивой тарвузи қўлтиғидан тушгандай уйга қайтди. Чамаси беш-олти кундан кейин новчадан келган, бўйинбоғи бузоқнинг нўхтасидай осилиб турган киши келиб бандлик марказидан келдик, демаганда бўлган воқеаларни унутиб юборганди.
— Қўзивой сиз бўласизми, бизга иш сўраб мурожаат қилганмидингиз? — сўради расмий оҳангда барваста киши.
— Ҳа менман, — деб жавоб берди Қўзивой ва суҳбатдошининг ёнида турган хушрўйгина жувонга эътибор қаратди.
— Менинг исмим Тоҳир, бандликка кўмаклашиш марказиданман. Бизда турли иш ўринлари бор. Масалан, дурадгорлик, қурувчи ёки салқин офисда ишлайман десангиз, иш юритувчи лавозими ҳам бўш. Қайси бирини танлайсиз?
Қўзивой шошиб қолганидан: «Билмадим, тўрт-беш сўм топиб турсам бўлди», — деб гапни лўнда қилиб қўя қолди.
— Баракалла, бу ишда шошиб бўлмайди. Яхшиси, эртагача ўйлаб, бир қарорга келинг. Аксига олиб ҳозир бўш иш ўринларига эга корхона ва ташкилотлар рўйхати ҳам ёнимда эмас. Эртага марказга борсангиз, бир пиёла аччиқ чой устида бафуржа фикрлашиб оламиз, нима дейсиз? — деб барваста киши Қўзивойнинг елкасига қоқди.
Ишнинг пишганини сезган кўҳликкина жувон қўлидаги матаҳни оғзига тутиб: «Сизга иш керакми, муаммо йўқ» радиоешиттиришини тинглаяпсиз, азиз мухлислар. Мана яна бир хайрли ишга қўл урилди. Қўзивой укамиз ишли бўлди. Бу ҳақда туманнинг бандликка кўмаклашиш маркази ходими Тоҳир Томиров маълумот беради», — деб матаҳини мутасаддига тутди.
Ҳозиргина бўш иш ўринлари рўйхати қолиб кетибди деяётган одам:
— Биз ишсиз Қўзивойни бўш иш ўринлари рўйхати билан таништирдик. У мўмайгина маошга эга, ўзи истаган касби бўйича «Порлоқ келажак» хусусий корхонасида фаолият юритиш истагини билдирди. Бундан ташқари йилнинг биринчи чорагида фалонча одамни ишли қилдик, — дея булбулдай сайраб кетди.
Қўзивой эса, нима бўлаётганини тушунолмай анқайиб тураверди.
Сўнг овоз ёзиб олаётган микрофон унга қадалди.
— Ўзингизга мос иш топибсиз, хурсандчилигингизни биз билан бўлишсангиз, — деди жувон.
— Мен…. билмадим, — каловланди Қўзивой.
Сўнг радиобошловчи: «Қаҳрамонимиз кучли ҳаяжонда, қувончдан ичига сиғмай кетяпти… Биз эса, бошқа манзилга йўл оламиз», — дея матаҳини ўчирди.
Тоҳир ака Қўзивойга эртага тўққиздан кечикмаслигини айтиб, хайрлашди. Қўзивой меҳмонлар билан хўшлашгач, осмонга сапчиди. Ўзини офисдаги тебранма столда ўтиргандек тасаввур қилди.Эртаси куни марказга бориб, Тоҳир акани иш жойидан тополмади. Кейинчалик, зўрға Қўзивойни эслаган масъул ходим: «Ҳа, иш ўринлари бор. Маълумотларингизни ташкилотларга юборганмиз. Озгина сабр қиласиз», — деб жавоб қайтарди. Қўзивой кунора ташкилотга қатнаб турди ва юқоридаги жавобни уч-тўрт марта эшитди.
Орадан бир ой ўтгач, Қўзивой иш топишдан умидини узган бир пайтда яна қурмағур уйнинг эшиги тақиллаб қолди.
Бу сафар Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши раиси ҳамда бир гуруҳ фаол ёшлар келган экан. Улар Қўзивойнинг уюшмаган ёшлардан эканидан хабар топибди. Салом-аликдан сўнг туман етакчиси: «Тадбиркорлик фаолиятингни бошлашинг учун имтиёзли кредит олишингга сертификат берамиз», — деди Қўзивойнинг қўлини сиқиб.
Аввалига бунга Қўзивойнинг ишонгиси келмади, аммо ўттиз миллион сўмлик кредитга сертификатни олгач, йиртиқ қалпоғини осмонга отди. Масъуллар билан бирга кириб келган телевидениега интервю берди.«Ёшлар иттифоқи чин маънода йигит-қизларнинг суянчи…».
Сўнг, газетчилар суратга туширди, радиодан келган опа билан келажак режалари ҳақида суҳбат қурди.
Туман етакчиси Қўзивойга иссиқхона қуришни маслаҳат бераркан, эртагаёқ сертификатни ҳудуддаги банк филиалларининг бирига олиб бориб, маблағини олиши мумкинлигини айтди. «Қандай бизнес юритишни сенга ўзимиз ўргатамиз», — деб қўшиб ҳам қўйди.
Мана, охири Қўзивойга ҳам омад кулиб боқди. Кимсан Қўзивоймас, Қўзибойга айланади энди. Қаҳрамонимиз қандай тонг оттирганини ўзи ҳам билмай қолди. Наҳорда сертификатини қўлтиқлаб банкка югурди. Афсус, эрта қувонган экан. Гаровсиз кредит берилмасмиш. Эндигина коллежни тугатган, қария ота-онаси билан зўрға кун кечирадиган йигитда мол-мулк нима қилсин?! Қаттиқроқ шамол бўлса, томи учиб кетадиган уйи бор, холос. Шундай қилиб, Қўзивойнинг ҳафсаласи пир бўлди…
Ҳа, аввал Қўзивой оддийгина ишсиз бола эди. Энди кунора телевидение, радио, газетдан исмию сурати тушмайдиган машҳур ишсиз «юлдуз»га айланди. Ҳозир ҳам уйига прокуратура, ички ишлар, яна бир қанча казо-казо ташкилотлардан одамлар ҳол-аҳвол сўрагани келиб туради.
Санжар Эшмуродов
“Yoshlar ovozi” газетасидан олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter