Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бухоро-Внуково» авиарейси орқали жанговар ўқ олиб чиқишга уринган шахс қамалди

«Бухоро-Внуково» авиарейси орқали жанговар ўқ олиб чиқишга уринган шахс қамалди

«Бухоро-Внуково» авиарейси орқали яширин равишда жанговар ўқ олиб чиқишга уринган шахс суд ҳукми билан кўп йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди раиси Бобур Умаров маълум қилди.

Қайд этилишича, Шофиркон туманида туғилган 20 ёшли фуқаро Малик Аҳадов (исми-шарифи ўзгартирилган) 2019 йил ҳамда 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасининг турли бандлари билан айбланган ва унга 2 йилу 5 ой синов муддати берилган. Синов муддатини ўтаётган Малик Аҳадов тавбасига таянмаган. У бу гал  хорижга жўнаб кетадиган авиарейс орқали яширин равишда жанговар ўқ олиб чиқишга уринган.

Суд ҳужжатларига кўра, Малик Бухоро туманидаги ўрта мактаблардан бирида 11-синф ўқувчилари билан дала-ўқув машғулотига қўшилиб борган. Ушбу машғулотда Маликка «Калашников» автоматидан ўқ отиш машқини бажариши учун 3 дона «60 82» ёзувли, 5.45 миллиметрли калибрли жанговор патронлар берилган. У жанговар патроннинг 1 донасини ўша жойда йўқотиб, қолган 2 донасини гўё отган қилиб кўрсатиб, аслида, ўқотар қуролдан отмасдан, чўнтагига яшириб қўйган.

Орадан бир неча ой ўтгач, Малик Аҳадов «муносиб хулқ-атворда бўлиш» синов муддати тугамаган бўлишига қарамай, Россия Федерациясига ишлаш мақсадида авиарейс чиптасини харид қилган. У тунги 01:40 ларда «Бухоро-Внукова йўналишидаги А4 7064-сонли авиарейс билан жўнаб кетиш учун «Бухоро халқаро аэропорти»нинг божхона назорати ҳудудидаги «яшил» йўлакдан ўта бошлаган.

Маликнинг ҳатти-ҳаракатлари божхона пост ходимларида шубҳа уйғотган. Шу сабабли тезкорлик билан унинг қўл юклари ва кузатиб борилаётган багажи «Rарiscan 624ХR» рентген аппарати ёрдамида қайтадан назоратдан ўтказилган. Назорат пайтида йўловчининг божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган ўзига тегишли бўлган қўл сумкаси ичидан ўқотар жанговар қуроллар ўқлари чиққан.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда бир нечта йўловчилар гувоҳлигида ушбу жанговар ўқлар ҳужжатлаштириб олинган.

Бухоро вилояти ИИБ ЭКБнинг 1597-сонли баллистик экспертиза хулосасига кўра, М.Аҳадовдан ҳужжатлаштириб олинган 2 дона 5,45 мм. калибрли патронлар жанговор ўқ-дорилар туркумига кириши, улар 1982 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, «АК-74», «АКС-74», «АКС-74У» русумли автоматларнинг ва «РПК-74» русумли қўл пулемётининг штатли отиш учун яроқли патронлари аниқланган.

Айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 246-моддаси (Контрабанда)нинг 1-қисми билан 5 йил муддатга ва 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи)нинг 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг