Бухорода ертўлада майнинг фермаси очган шахс аниқланди
Бухоро вилояти ИИБ масъул ходимининг «Xabar.uz»га билдиришича, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ходимлари ва шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Бухоро шаҳрилик 51 ёшли фуқаро Ю.Н.нинг ўзи яшаб келаётган уйнинг ертўласида «Майнинг» қурилмалари ўрнатиб, ундан қонунга хилоф равишда фойдаланиб келаётгани аниқланган.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаро юқори кучланишли электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланган ҳолда яширин фаолият кўрсатиб келган.
Тадбир давомида, жами 3 дона яроқли ва 1 дона яроқсиз «Майнинг» қурилмалари ва бошқа бутловчи электр жиҳозлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
«Ўзенергоинспексия» вилоят ҳудудий бўлими ҳамда Бухоро шаҳар электр тармоқлари корхонаси мутахассисларининг хулосасига кўра, ушбу шахс 2022 йил 28 март кунидан 2023 йил 9 февраль кунига қадар бўлган вақт оралиғида умумий қиймати 63.522 кВт соат электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб, шаҳар электр тармоқлари корхонасига жами 93 миллион 694,6 минг сўмлик кўп миқдордаги моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 185/2-моддаси (1852-модда. Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter