Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ қарийб 65 кг гиёҳванд моддани мусодара қилди

ДХХ қарийб 65 кг гиёҳванд моддани мусодара қилди

Фото:«Lenta.ru»

ДХХ Чегара қўшинлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда Тожикистондан катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси контрабанда йўли билан олиб ўтилиб, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудига яшириб қўйилганлиги тўғрисида маълумот олинган.

Сўнгра воқеа жойидан 61 кг 838 гр. «гашиш» гиёҳвандлик моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда мазкур гиёҳванд модданинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Абдуҳалил Сабайдуллаев бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Наманган шаҳрида тўхтатилиб, текширилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасидан 1,5 кг «гашиш» гиёҳвандлик моддаси топилди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Қирғизистон Республикасида яшовчи Акром исмли шахс ушбу гиёҳванд моддани айланма йўллар орқали Янгиқўрғон туманига олиб ўтиб, уни Абдуҳалил Сабайдуллаевга етказиш учун мазкур туманнинг «Оқтом» маҳалласида яшовчи, 1972 й.т. Баҳодир Комиловга топширади. Ўз навбатида Баҳодир Комилов оғуни вилоят марказида кутиб турган Абдуҳалил Сабайдуллаевга етказиб беради. 

Тезкор тадбир давомида Баҳодир Комилов ҳам воқеа жойида ушланди.

Таъкидлаш лозимки, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1964 й.т. Сабайдуллаев Абдуҳалил Абдуқодирович муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун 2016 йил жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг ҳукмига асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, 2018 йилдан эса ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаб келаётган бўлган.

Шунингдек, Наманган вилояти Учқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1991 й.т. Улуғбек Султонов мамлакатимизнинг Қирғизистон билан чегараолди ҳудуди ҳисобланган «Ёғду» маҳалласида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнидан 278 гр. гашиш гиёҳвандлик моддаси ҳамда 1000 АҚШ доллари топилди. Аниқланишича, Султонов мазкур гиёҳвандлик моддасини қирғизистонлик “Бахт” исмли шахсдан олиб, контрабанда йўли билан республикамиз ҳудудига олиб кирган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида яшовчи 1987 й.т. Акмал Ўрунов бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Ғузор туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди. Текширув жараёнида автомобилнинг мотор қисмига яшириб қўйилган 506 гр. гашиш ҳамда 236 гр. опий гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил тариқасида олинди.

Аниқланишича, Ўрунов ушбу гиёҳванд моддаларни Тожикистон Республикасида яшовчи Хуршид исмли шахсдан 4500 АҚШ долларига сотиб олиб, контрабанда йўли билан мамлакатимизга ўтказган ва уни келгусида сотиш мақсадида Қарши шаҳрига олиб кетаётган бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг