ДХХ электр тармоқлари корхонасининг икки ходимини қўлга олди

«Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг 2 нафар ходими маҳаллий МЧЖ раҳбаридан 510 млн. сўм ва 5 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Бунинг эвазига улар жамиятга қарашли Гулистон тумани ҳудудидан ўтувчи Сирдарё ўзанидан қум-шағал қазиб олиш «карьер»ига электр энергияси улаб бериш учун 1600 кВт кучланишга эга бўлган 1 дона электр трансформатори, 100 дона бетон симёғоч, 17,5 км. масофага етадиган юқори кучланишли электр симлари ва бошқа эҳтиёт қисмларни тегишли тартибда расмийлаштирмасдан «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» ҳисобидан чиқариб бериш ҳамда соҳага тегишли идорадан ушбу уланадиган электр тармоғига техник шартларда қайд этилган талаб асосида ижобий хулоса олиб беришга ваъда беришади.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб «Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»нинг Давлат ва шартномавий хизматлар кўрсатиш ва ривожлантириш хизмати ходими олдиндан 300 млн. сўм ҳамда 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, у 5 минг АҚШ долларини шериги - корхонанинг мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати ходимига берган вақтида у ҳам ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter