Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ФВВ кучли ёмғир ва сел оқибатлари ҳақида маълумот берди

ФВВ кучли ёмғир ва сел оқибатлари ҳақида маълумот берди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2019 йил 5-7 апрель кунлари Ўзбекистонда ҳудудларида кучли ёғингарчиликлар бўлиб ўтди. Ушбу ёғингарчиликлар баҳор ойларида бир ойда ёғадиган ёғин миқдори бир-неча соат ичида ёғиб ўтганлиги натижасида Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлардаги сел тошқин йўлларидаги айрим хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Юзага келган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий ФВДқТ хизматлари куч-воситалари жалб қилиниб, ёмғир сувлари кирган хонадонларнинг томорқаларидан сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан вилоятлар ҳокимликларида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Лангар қишлоғидаги 25 та аҳоли хонадонларининг ёрдамчи уйларига ва ҳовлисига сел сувлари чиққанлиги аниқланиб, йиғилиб қолган ҳар хил шох-шаббалардан, лойқалардан тозаланган.

Чироқчи тумани: «Боғишамол» МФЙ, «Паканди» МФЙ, «Қахрамон» МФЙ, «Чилживут» МФЙ ҳудудларидан оқиб ўтувчи «Қашқадарё» дарёси қирғоғи яқинида яшовчи аҳолининг ёрдамчи томорқалари ҳамда «Наврўз» МФЙ Наврўз қишлоғининг юқори қисмидан келган сел сувлари қишлоқдаги жами 8 та аҳоли хонадонларининг томорқаларига тошиб кирганлиги сабабли туман ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда ер томорқаларининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, ноқонуний тарзда экин майдонига айлантиргани аниқланган.

Навоий вилояти Хатирчи тумани: 2019 йил 5 апрел куни соат 02:40 дан 03:25 га қадар ҳудудда кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида, «Қўшчинор», «Қоризараб», «Боғчакалон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи сой йўли орқали Урганжа қишлоғи «Сарой», «Мирдош», «Учқара», «Гулистон» МФЙ жами 132 хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани: «Молтоб» ва «Лалмикор» ҚФЙ ҳудудидан сел оқиб ўтган. «Оқтош» ҚФЙдаги 8 та хонадон ҳамда «Нурлиқуёш» қишлоғидаги 1 та хонадон томорқаси ва ҳовлисига сув кирган.

«Молтоб» ҚФЙ Янгиқишлоқ кўчасида жойлашган жами 6 та хонадонларга қисман ёмғир сувлари кириб, қўшимча бинолари (молхона, айвон, ўтинхона, ҳожатхона)лар қисман зарар кўрган бўлиб, бугунги кунда «Молтоб» ҚФЙ оқсоқоли ва маҳалла фаоллари ташаббуси билан ҳовлилар, томорқа ва кўчаларда ҳашар йўли билан тозалаш ишлари олиб борилди.

«Кўкгумбаз» ҚФЙ ҳудудидан оқиб ўтган Қорасойдан ёмғир сувлари келиши оқибатида жами 8 та хонадонларнинг қўшимча бинолари (молхона, гараж, айвон, тандирхона)лари ҳамда хонадон томорқаларига қисман сув оқими кирган бўлиб, келгусида Қорасойда ёмғир сувлари тошишини олдини олиш мақсадида, сойнинг ўнг қирғоғида 600 метр, чап қирғоғида 200 метр масофада тозалаш ишлари олиб борилди.

Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри ҳудудида 5 апрел куни сурункали ёмғир ёғиши натижасида юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида 7 апрел куни вилоят ҳокими топшириғига асосан вилоят ФВБ, ИИБ, Архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, Кадастр хизмати, Давлат санитария эпидемиология назорати маркази, Газ ва Электр таъминоти хизматлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Самарқанд шаҳридаги А.Жомий, Махмуд Қошғарий, Оби Рахмат, Бўстансарой, Дагбит, Истиқбол, Мир Саид Барака, Рўдакий, Мотрид, Буюк ипак йўли, Зарафшон темир йўл станцияси кўчаларида жойлашган якка тартибдаги ҳовлиларнинг ёмғир сувларидан зарар кўрган аҳоли хўжаликларини тўлиқ хатловдан ўтказиш тадбирлари олиб борилган.

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани: 2019 йил 5 апрел куни соат 16:35 дан 18:20 га қадар ҳудудда ёмғир ёғиши натижасида, Сурхон темир йўл станцияси ҳудудига ёмғир суви тўпланган. Темир йўлга зарар етмаган. «Термиз-Тошкент» йўналишдаги йўловчи поезд 55 минутга ушлаб турилган. Шу билан бирга, «Марказий Сурхон» МФЙдаги 7 та, «Авлод» МФЙдаги 6та ва «Ўрикли» МФЙдаги 6 та аҳоли ҳовлиларига ёмғир сувлари кирган.

Қумқўрғон тумани: 2019 йил 5 апрел куни соат 16:35 дан 18:20 га қадар ҳудудда ёмғир ёғиши натижасида, «Арпапоя» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Боботоғ каналидан сув тошиб, 7 та хонадоннинг томорқа ва ҳовлиларига сув кирган.

Республика бўйича талафотларни бартараф этиш учун ФВДқТ хизматларининг 605 нафар ходими ва 115 та техникаси жалб этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг