Гулистондаги портлаш: ҳодиса ортидан 3 киши қамоққа олинди
Жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган «Bek Family Cafe» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шаҳобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келган.
Оқибатда, жами 29 нафар фуқаролар турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган.
Олган тан жароҳатлари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган.
Беморлардан 5 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, қолган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 192-11-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари ва 259-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, «Bek Family Cafe» МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.
Ҳозирда, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идораларнинг мутахассисларидан ташкил топган тергов гуруҳи томонидан барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter