Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Келинини дўппослаётган врач, боланинг чинқириғи, депутат талаби ва ИИБ муносабати

Келинини дўппослаётган врач, боланинг чинқириғи, депутат талаби ва ИИБ муносабати

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода сурхондарёлик қайна ака уй талашиб келинини ураётгани акс этган.

«Боланинг чинқириғи юракка қадалаётган найзадай. Мана шундай ифлослардан жиноий жавобгарликдан ташқари боланинг психикасига етган маънавий зарарни ҳам ундириш керак. Тегишли органлардан ушбу воқеа бўйича батафсил маълумот кутамиз», деб ёзади муаллиф.

Расул Кушербаев: Йўқолсин бунақа эркаклар!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам вазият бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди.

Бугун эрталабдан сурхондарёлик қандайдир ўқимишли врачнинг ўз жиянининг аёли ва ёш болаларни уриб, уйдан ҳайдамоқчи бўлган видеоси таъбимни хира қилди. Кун шу кайфиятда бошланди.

Билмадим нима учун, бироқ эркак кишининг аёлга қўл кўтаришини кўриш жуда азобли. Ва, афсуски, бундай ҳодисалар ўтмишда қолиб кетгани йўқ, балки айни кунларда ҳам кўз ўнгимизда содир бўляпти.

Видеодаги ҳолат бўйича бугуноқ Ички ишлар вазирлигининг масъулларига чиқдим. Уларнинг билдиришича, махсус ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганишни бошлабди.

Интернет тармоқларида тарқалаётган видеодаги ҳолатдан келиб чиқиб, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари қуйидаги жиҳатларга албатта ҳуқуқий баҳо беришлари шарт, деб ҳисоблайман:

Биринчидан, ёши катта эркак (эркак номига номуносиб бўлса ҳам) аёл кишини ёш болалари кўз ўнгида калтаклаб тан жароҳати етказгани;

Иккинчидан, эркак кишининг ёш болаларнинг қорин соҳасига тепиб, уларни кўз ўнгида бола психологиясига салбий таъсир ўтказувчи ҳаракатлар содир этгани;

Учинчидан, ўша зўравон шахснинг ўз номига ўтказиб олган уй жой бўйича мавжуд ҳужжатларнинг асослилиги. Бунда Уй жой кодексига асосан болалари билан бирга шу уйда келин сифатида яшаб, уй жой қурган аёлнинг мулкдор сифатидаги ҳуқуқларига путур етган ёки етмагани;

Тўртинчидан, зўравон эркакнинг ўз жиянининг хотини ва онасини фоҳишаликда ошкора айблашида тухмат ва ҳақорат элементларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

Бешинчидан, ушбу эркакдан муттасил калтакланиб келган аёл ва унинг болалари ёрдам сўраб профилактика инспектори ва маҳалла раисига қилган мурожаатлари улар томонидан рад этиб келинганлигининг асослилиги.

Прокуратура органларидан ушбу воқеа бўйича батафсил маълумот ва зўравон эркакнинг ҳаракатлари бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот кутамиз.

Йўқолсин бунақа эркаклар! — дейди депупат.

Тарқалган видеолар юзасидан расмий муносабат

Сурхондарёдаги аёлнинг калтакланиш ҳолати бўйича ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёлик зўравонни кўринг, буни ким тартибга олади, пули кўплигидан қутурган бойни кўринг» мавзусида тарқалган видеолар юзасидан расмий муносабат берилди.

Мазкур ҳолат Денов тумани бўйича ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганида қуйидагилар маълум бўлди.

Денов тумани, «И.Тураев» СИУ, «Буюк ипак йўли» маҳалласида яшовчи Қ.С. 2021 йил 22 апрель куни вилоят ИИБ 102 рақамига қўшниси Х.Г. уриб тан жароҳати етказганлиги ҳақида мурожаати ва туман марказий шифохонасининг 25 апрелдаги хабарномаси навбатчилик қисмида қайд этилиб, бўлган ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари туман ИИО ФМБ 2-сон ИИБ томонидан олиб борилмоқда.

Фуқаро Қ.С.нинг мурожаатлари юзасидан суд-тиббиёт экспертизасидан ўтиш тўғрисида қарор берилган, фуқаронинг олган тан жароҳати «енгил тан жароҳати» тоифасига киради деб хулоса чиқарилган.

Фуқаро Қ.С.нинг мурожаатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги сабабли якуни бўйича қўшимча ахборот берилиши ҳақида маълум қиламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг