Наманган ва Фарғонадаги гумбурлаш: метеоритми ёки бошқа ҳодиса?
Куни кеча туш пайтида Наманган ва Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида қаттиқ акустик гумбурлаш овози эшитилгани, баъзи жойларда эса ер бир оз силкингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолат аҳоли орасида хавотир уйғотди, айниқса, Наманганда аввал ҳам шундай сирли гумбурлашлар кузатилган, бунинг сабаблари расман изоҳланмаганди.
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ҳодисани тасдиқловчи кўплаб изоҳлар қолдиришди.
Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро шундай ёзади: “Наманган шаҳар Орзу массивида эшиклар очилиб кетди, шамолдек овозга ўхшаш... лекин ер қимирлаш сезилмади. Тахминан 12:40 да содир бўлди.”
“Мен ҳам эшитдим Наманган шаҳрида тахминан 12:35 ларда гумбурлаган ўша овозни”, деб ёзди яна бир тармоқ фойдаланувчиси.
Поп тумани Чодак қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро: “Жуда даҳшатли эшитилди ва осмонда чақнаб тушган олов кўринган. Кўпчилик буни метеорит деб ўйламоқда.”
Риштон, Олтиариқ, Учқўрғон ва бошқа ҳудудларда яшовчилар ҳам тахминан 12:35–12:40 оралиғида гумбурлашни эшитганини билдиришган. Айрим фуқаролар гумбурлашдан аввал осмонда ёрқин жисм учганини кўришганини ҳам қайд этишган. Ҳатто Тошкентда ҳам осмонда ёрқин из қолдирган номаълум жисм кўрилгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бири “Косманавтлар” метро бекати яқинида тасвирга олинган. Видеода осмонда ёрқин из қолдирган жисм ҳаракатланаётгани кўринади. Қайд этилган вақт эса — 12:38. Бу Наманган ва Фарғонада эшитилган гумбурлаш овозига вақт жиҳатидан мос келади.
Расмий изоҳ: ҳозирча аниқ хулоса йўқ
ЎзР ФА Астрономия институти мутахассислари томонидан мазкур ҳолат юзасидан дастлабки ўрганишлар олиб борилгани маълум қилинди.
Расмий баёнотда таъкидланишича, “Ҳозирги вақтда видеода қайд этилган ҳодисанинг метеорит тушиши ёки бошқа табиий ёки техноген манба билан боғлиқ экани расман тасдиқлангани йўқ. Ер юзасига етиб келган қолдиқлар мавжуд бўлмаса, ҳодисанинг табиати ҳақида аниқ хулоса бериш имконсиз.”
Демак, ҳозирча бу ҳодисани метеорит деб қатъий айтиш ёки рад этиш мумкин эмас.
Метеор, метеорит ва илмий фактлар
Метеороидлар — Қуёш тизимида ҳаракатланувчи кичик қаттиқ жисмлардир. Улар Ер атмосферасига кирганда кучли қизиш натижасида ёрқин из қолдиради ва бу ҳодиса метеор деб аталади. Агар жисм атмосферада тўлиқ ёниб кетмай, Ер юзасигача етиб келса, у метеорит деб юритилади.
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ер атмосферасига ҳар куни миллионлаб майда космик зарралар киради. Уларнинг мутлақ кўпчилиги атмосферада ёниб кетади. Ер юзасига етиб келадиган метеоритларнинг умумий массаси эса ўртача кунига бир неча ўн тоннани ташкил этади. Аммо аҳоли яшаш ҳудудларига йирик метеорит тушиши ниҳоятда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter