Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талабаларни йўлдан урган «барон»га ҳукм ўқилди

Талабаларни йўлдан урган «барон»га ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан ўқилган ҳукм билан уч вилоятда яшаб, ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда гиёҳванд воситалар савдоси билан шуғулланганларга узоқ йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га туман суди раиси Бобур Умаров маълум қилди.

Суд ҳужжатларига кўра, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган, Термиз-Тошкент шаҳри йўналишида аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келган 33 ёшли О. Т. ижтимоий тармоқлар орқали шу жиноятга алоқадор икки нафар 23 ёшли — Бухоро шаҳрилик Т.Т. ҳамда Хоразм вилояти, Қўшкўпир туманилик У.И. билан танишган. Улар гиёҳванд воситаларни сотиш ва тарқатиш мақсадида ўзаро келишган ҳолда манзилли учрашув белгилашган.

О.Т.  термизлик таниши Т.Т. билан келишувга кўра, Тошкентда кўришган ва унга полиэтилен пакет ўрамига жойлаштирилган қорамтир-жигар рангли соф вазни 55 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги «гашиш» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда нақд 1000 АҚШ доллар эвазига сотган. Орадан бир неча кун ўтгач, О.Т. фуқаро Т.Т. билан яна Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирида учрашиб, 3 та ўрамда бўлган соф вазни жами 34,05 граммга тенг гиёҳвандлик воситасини 700 АҚШ доллари ва 700.000 сўм эвазига сотган.

«Ғайир мақсадни кўзлаган икки шахс шундан сўнг асли хоразмлик бўлган, Бухоро Давлат университетитида таҳсил олиб келаётган талаба-ёшни чалғитиб, унга ҳам гиёҳвандлик воситасини ўтказишни режалаштиришган ва буни уддалашган», — дейди судь раиси Бобур Умаров.

Маълум бўлишича, Т.Т. Бухоро шаҳрига келган ва  ижара уйда яшаб келаётган талаба И.И.ни излаб топган. Унга 17 дона қадоқланган полиэтилен пакетга солинган, соф вазни 14,81 грамм ва 30,37 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказган.

Нафси ҳакалак отган О.Т. ўзида мавжуд бўлган барча гиёҳванд воситаларни сотиб тугатгач, айнан ўша кун унга «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали «Вор» номи остидаги рақамлари кўрсатилмаган профил эгасидан йирик миқдордаги - 100 грамм гиёҳванд восита сотилаётгани ҳақидаги хабар келган.  О.Т. суҳбатдошининг кимлигига ҳам қизиқмаган. Шартга кўра, нотаниш фуқарога тегишли бўлган пластик картага 11 000 000 сўм миқдорида пул кўчириб берса, «маҳсулот»ни етказиб берилиши билдирилган бўлган.

Барча ҳаракатларини хамирдан қил суғиргандек уддалаб келган О.Т. ўзига шахси номаълум бўлмаган фуқарога тегишли пластик картага 100 грамм гиёҳванд восита учун 11 000 000 сўм ўтказма қилган. У маҳсулотни Термиз шаҳридан ўтувчи «Ат-Термизий» зиёратгоҳи олдида қабул қилиб олиши керак бўлган.

«Айнан у шу манзилда Бухоро вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган. Унинг фуқароларга гиёҳванд восита етказиб берувчи «таъминотчиси» ҳам қўлга олинган. Суд тергов ҳаракатлари давомида О.Т.нинг барча кирдикорлари фош этилди. Айнан шартнома асосида турли вилоятларда таҳсил олаётган, моддий кўмакка муҳтож талаба-ёшларнинг онгини бузиб, бугун уларнинг ҳам темир панжара ортида умр ўтказишига сабаб бўлган бу шахс саккиз йилга «кесилди»,—деди суд раиси.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмига кўра, О.Т.нинг жиноий шериклари Т.Т. га олти йил, талаба У.И.га уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг