Навоийда «Cobalt» ҳайдовчиси чарчоқ қурбони бўлди
Навоий вилоятининг Томди тумани ҳудудида инсон ҳаёти билан якунланган навбатдаги аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Cobalt» русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси узоқ йўлда бошқарув вақтида чарчоқ оқибатида ухлаб қолган ва автоҳалокат юз берган.
Оғир тан жароҳатлари олган ҳайдовчига шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлса-да, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Ҳайдовчи тиббиёт муассасасида вафот этган.
Мазкур фожиали ҳодиса Қорақата йўл-патрул хизмати масканидан, қарийб, 70 километр узоқликда содир бўлган.
«Ҳолат юзасидан ҳайдовчининг иш жойида муҳокама ўтказилиб, ҳалокатга сабаб бўлган омиллар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, масъулларга йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш, ҳайдовчилар учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди», — деди ахборот хизмати раҳбари.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Навоий вилояти ҳудудида ҳайдовчиларнинг бошқарув вақтида ухлаб қолиши билан боғлиқ 10 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 3 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган бўлса, яна 12 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олиб, шифохоналарга ётқизилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter