Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоий ИЭСни газ билан таъминловчи тармоқда авария юзага келди. Республика бўйлаб қисқа муддатли узилишлар кузатилади

Навоий ИЭСни газ билан таъминловчи тармоқда авария юзага келди. Республика бўйлаб қисқа муддатли узилишлар кузатилади

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 7 июль куни соат 05:48да Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи 2-тармоқ газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур носозликни бартараф этиш ишларини хавфсиз бажариш учун «Навоий-4» газ тақсимлаш станцияси орқали газ таъминоти тўхтатилмоқда.

Мазкур ишларни тўлиқ якунлаш жараёнида Навоий иссиқлик электр станциясининг 1-сон буғ-газ қурилмаси вақтинчалик тўхтатиб турилади.

Шу сабабли республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.

Вазирликнинг билдиришича, июль ойининг биринчи ярмида мамлакатимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва 6-8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.

«Шу билан бирга, республикамиз сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакатимизда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг