Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега Сардоба тошқинида бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот берилмаяпти?

Нега Сардоба тошқинида бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот берилмаяпти?

Сирдарё вилоятининг «Сардоба» сув омбори дамбаси ўпирилиши оқибатида юзага келган тошқинда қурбонлар бўлмагани расмий хабарларда бир неча бор қайд этилди.

Дастлабки кунда ҳудуддаги 60 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз жойга эвакуация қилингани айтилган бўлса-да, тошқин жойини ҳамма ҳам тарк эта олмаганини ФВВ томонидан бериб борилаётган ахборотлар кўрсатиб турибди. Масалан, кулфатнинг иккинчи кунида қутқарувчилар томонидан 138 нафар фуқаро тошқин оқибатларидан қутқарилгани маълум қилинди.

Бугун, 5 май куни Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудларнинг бориш қийин жойларида разведка-қидирув ишларини амалга ошириш ҳамда эвакуация тадбирлари жараёнида икки кишини қутқарилганини хабар қилди. Уларнинг бирининг 1 оёғи жароҳатланган, иккинчисининг тана ҳарорати кўтарилган бўлган. Тасаввур қиляпсизми, улар 5 кун давомида хавфли ҳудудда қолиб кетишган!

Ўз-ўзидан савол туғилади: шунча одам фавқулодда вазият содир бўлган ҳудуддан топилаётган ва қутқарилаётган экан, у ерда яна неча киши дараксиз қолмоқда? Ахир, улар бедарак йўқолганлар эмасми?

Сув омбори дамбаси ўпирилишининг нохуш оқибатини куни кеча Миллий гвардиянинг бир нафар ходими вафот этишида, яна бири эса тошқинда оқиб кетиб, қидирилаётгани ҳақидаги хабарда ҳам кўрдик.

Шундай оғир вазиятларда қолиб кетган ва ҳамон қидирилаётган инсонлар сони очиқ ошкор қилиниши керак, назаримизда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг