Ўгай қизига зулм ўтказган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Ширин шаҳар «Фарҳод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 15 ёшли вояга етмаган қиз (мактаб ўқувчиси) Х.А. нинг ўз ўгай онаси томонидан унга ёмон муносабатда бўлиб келинаётганлиги, кўп ҳолларда доимий руҳий босим ўтказилиб, енгил жароҳатлар билан калтаклаб келаётганлиги айтилган видеомурожаат тарқалди.
Ҳолат юзасидан Ширин шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
Ушбу ҳолатга алоқадор тарзда Х.А нинг бувиси Р.М. Ширин шаҳар Ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган ва унда Х.А. нинг ўгай онаси Н.З. уни ўриб тан жароҳати етказганлиги, шу сабабли ўгай она Н.З. га нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган. Ушбу мурожаатга асосан, Ширин шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, вояга етмаган Х.А. га «соғлиқнинг қисқа муддати бузилишига сабаб бўлмаган енгил шикаст» етказганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан Маъмурий ишлар бўйича Ширин шаҳар судига юборилган.
Суд томонидан ишни кўриш вақтига келиб, вояга етмаган Х.А. кўрсатмаларини ўзгартириб, ўгай онаси томонидан мунтазам равишда қийнаб ва уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганлигини баён этганлиги сабабли, мазкур мурожаат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ширин шаҳар прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, вояга етмаган Х.А. ва бошқа шахсларнинг кўрсатмаларида қарама-қаршилик бўлганлиги сабабли иш ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Ширин шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳига юборилган.
Ҳозирги кунда қизнинг ўгай онаси Н.З. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 110-моддалари (Қийнаш) билан айблов эълон қилиниб, тергов ҳаракатлари якунланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter