Президент Бош прокурорни Оққўрғонга юборди
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан жорий йилнинг 14 август куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг касалланиши билан боғлиқ ҳолатларни жойига чиққан ҳолда батафсил ўрганди, деб хабар бермоқда маҳкама матбуот хизмати.
Аниқланишича, шу йил 9 август куни мазкур ташкилот тарбияланувчиларидан 19 нафари турли тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган ва уларга «ботулизм» касаллигига гумон ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) жинояти аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, малакали тергов-тезкор ходимлардан иборат таркибда тузилган тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокурор мазкур вилоят ва туман прокурорлари ҳамда тергов гуруҳи аъзоларининг тергов жараёни билан боғлиқ ҳисоботларини эшитиб, уларга тергов ҳаракатларини ҳар томонлама тўла ва ҳолисона ўтказиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берган.
Мазкур жиноят ишининг тергов жараёни Бош прокурор томонидан алоҳида назоратга олинган.
Шунингдек, мутахассислар томонидан мазкур мактабгача таълим ташкилотининг охирги 10 кунлик таомнома бўйича болаларга тарқатилган ва гумон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, Тошкент вилоят санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси қошидаги лабораторияга текшириш учун юборилган ҳамда судга оид озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси тайинланган.
Мазкур текширув жараёнлари муайян вақтни талаб қилиши ва таҳлил натижалари бўйича заҳарланиш сабабларига аниқлик киритилиши инобатга олиниб, яна бошқа оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида текширув хулосаларини олгунга қадар гумон қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилган.
Булардан ташқари, Бош прокурор томонидан туман Тиббиёт бирлашмасида тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, мактабгача таълимни бошқариш ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари билан ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва келгусида бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилаш бўйича суҳбат ўтказилди ва тегишли кўрсатмалар бериб ўтилди.
Аниқланишича, 5-сонли мактабгача таълим ташкилотида 138 нафар тарбияланувчилар рўйхат асосида қамраб олинган бўлиб, касалланишнинг дастлабки ҳолати аниқланганидан кейин зудлик билан тор доирадаги (инфекционист, лор, окулист, невропатолог) шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, 10 август куни боғчага келган болалар тиббий кўрикдан ўтказилган.
Шунингдек, боғчага келмаган бошқа тарбияланувчилар эса, патронаж гуруҳлари жалб қилинган ҳолда, уйларига борилган ҳолда кўрикдан ўтказилган ва назоратга олинган.
Тиббий кўриклар натижалари бўйича касалликка гумон қилинган болалар Оққўрғон туман юқумли касалликлар шифохонасига назорат учун ётқизилган.
Жами 32 нафар тарбияланувчилар тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган бўлиб, улардан:
- 16 нафари тор доирадаги мутахассислар кўригидан сўнг қониқарли аҳволда яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб, уйларига рухсат берилган;
- тиббиёт муассасаларида жами 16 нафар тарбияланувчи даволанмоқда, уларнинг ҳолати динамикада соғаймоқда.
Шулар билан бир қаторда, туман мактабгача таълим бўлими ва ташкилотлари, туман тиббиёт бирлашмаси, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда ветеринария бўлимлари, таъминотчи корхоналар мутасаддилари келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида туман прокуратураси томонидан расман огоҳлантирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter