Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қуйи Чирчиқда адвокатга пичоқ билан тажовуз қилинди

Қуйи Чирчиқда адвокатга пичоқ билан тажовуз қилинди

Фото:«Armenia News»

Қуйи Чирчиқ туманидаги «Haqiqat izlab» адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Джумановга ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтида пичоқ билан ҳамла қилиниб, тан жароҳат етказилди.

Бу ҳақда 12 март куни жабрланувчининг ҳамкасби Муҳсин Маркамалов Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига телеграмма орқали маълум қилиб, айбдорларга нисбатан чора кўрилишида ва адвокатнинг ҳимояси таъминланишида ёрдам сўраган.

Айтилишича, ҳамла қилган шахс адвокат муқаддам судда ҳимоя қилган фуқаронинг «рақиби» бўлган экан. Яъниким, адвокат аввалроқ катта қийматли мол-мулк низоси билан боғлиқ фуқаролик ишида даъвогар томоннинг манфаатини ҳимоя қилиб, судда ютиб чиққан.

«Рустам ака, ёши анчагина катта бўлса ҳам, ўзини қаттиқ ҳимоя қилиб, ҳаётий муҳим аъзоларига тиғ тегдирмаган. Ҳужумни қўллари билан қайтаргани учун қўли ва билагида жароҳат бор, шунингдек юзи ҳам тилинган», — дейди Миркамалов. Шунингдек, унинг айтишича, адвокатнинг аҳволи ҳозир яхши, эртага — 10 кунлик муолажадан сўнг шифохонадан жавоб берилиши кутилмоқда.

Адвокат Джуманов ва унинг ҳимоячиси Миркамаловлар прокуратура томонидан бу иш «босди-босди» қилиниши мумкинлигидан хавотирда. Чунки, уларнинг айтишларича, шу пайтга қадар зарур процессуал тадбирлар бажарилмаган, жумладан, воқеа жойи кўздан кечирилмаган, далилий ашё бўлган пичоқ олиб қўйилмаган, ундаги қон доғлари экспертиза қилинмаган ва ҳоказо...

Орадан шунча вақт ўтганига қарамай тергов органлари ҳаракатга тушмагач, адвокатлар Палатага мурожаат қилишга қарор қилганлар. Айни пайтда Адвокатлар палатаси ва Палатанинг Тошкент вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг