Россияда ҳалокатга учраган ўзбекистонликлар ҳақида қўшимча маълумот берилди
Россияда ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобус ЙТҲга учрагани ҳақида хабар берилганди.
Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги Элчихонаси ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Элчихона 2024 йил 8 апрель куни Самара вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Ҳодиса Самара вилоятидаги Урал-Муханово трассасида содир бўлган. Чимкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган. Ҳодиса вақтида автобусда 66 йўловчи бўлган. Оқибатда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳат олди ва тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.
Зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси ва Қозон шаҳридаги Бош консуллик ходимлари воқеа жойига етиб боришган.
Бу борада дипломатларимиз Россия Федерациясининг Самара вилоятидаги тегишли ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Вазият алоҳида назорат остида.
«Зарур ҳолларда, қўшимча маълумот учун қуйидаги рақамларга мурожаат қилиш мумкин:
- Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимининг call-маркази: +7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76
- Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги: +7 843 526 55 63; электрон почта манзили: uzconsulate@mfa.uz», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter