Шифохона биносидан ўзини ташлаб ҳалок бўлган эркак — Бош прокуратура тафсилотларни очиқлади
Ижтимоий тармоқларда Навоийда эркак марказий поликлиника биноси 3-қаватидан ўзини ташлаб юборганлиги ҳақида видеохабар тарқалган, Бош прокуратура воқеа ҳақиқатда Навоий шаҳрида содир бўлганини тасдиқлаб, «Натижалари ҳақида кенг жамоатчиликка батафсил маълумотлар эълон қилинади», дея хабар берганди.
Ҳозиргина Бош прокуратура воқеа тафсилотларини очиқлади.
Аниқланишича, Навбаҳор тумани «Ромитан» маҳалласида яшаган 54 ёшли С.С. (эркак) 2022 йил 16 октябрда мастлик ҳолатида йиқилиб тушиши натижасида бош айланиши ва тили орқага кетиши шикояти билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалининг нейрохирургия бўлимига даволаниш учун ётқизилган.
2022 йил 18 октябрда С.С. ўзи ётиб даволаниб келаётган бўлимнинг палатаси деразасидан ўзини пастга ташлаган ва воқеа жойида вафот этган.
Тергов-тезкор гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертиза текширувидан ўтказилган.
Шунингдек, ўрганишда марҳум ичкиликка ружу қўйганлиги сабабли яқин қариндошлари билан ўзаро келишмовчилиги мавжудлиги аниқланган.
Ҳозирда Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter