Таиландга ишга юборишини айтиб «ухлатган» шахс қўлга олинди
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бухоролик фуқарони Таиландга ноқонуний йўл билан жўнатмоқчи бўлган шахс ушланган.
Таъкидланишича, Бухоро шаҳрида яшовчи О.Р. чет давлатлардан даромадли иш топиб бериш билан фуқароларни қизиқтириб, алдов йўли билан улардан йирик миқдорда пул ундириб келган.
Шундайлардан бири Когон туманилик Г.Р. хорижий мамлакатларга бориб, мўмай даромад топишни орзу қилиб юрганда О.Р. га дуч келган. О.Р. унинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, уни ноқонуний йўл билан Таиланд давлатига ишга юбориш учун ҳужжатлар тайёрлашини билдирган. Бундан ташқари, Г.Р.га ваколатли танишлари орқали виза олиб бериш ҳамда Таиландда уни энага вазифасига ишга жойлаштириб қўйишни ҳам ваъда берган. Ва бунинг эвазига Г.Р.дан 6000 АҚШ доллари беришни талаб қилган.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида O.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган РШТЁИМ Бухоро филиали рўпарасида талаб қилинган пулларни олган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув жараёнларида ўзи учун ноқонуний йўлларни танлаб, хорижга ишга жўнамоқчи бўлган бир нечта бошқа фуқаролар ҳам О.Р.нинг қурбонига айлангани ошкор бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter