Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талаба қизни алдаган шахс уч йилга «кесилди»

Талаба қизни алдаган шахс уч йилга «кесилди»

Қозоғистон Республикаси Шимкент шаҳрида жойлашган «Халқлар дўстлиги» олийгоҳида таҳсил олаётган талаба қизинг ўқишини Ўзбекистондаги таълим муассасасига кўчириб беришни ваъда қилиб, ундан йирик миқдорда пул ундирган шахс суд ҳукми билан уч йилга қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти, Қоракўл тумани суди раиси Раҳим Очилов маълум қилди.

Таъкидланишича, Қозоғистон Республикасининг «Халқлар дўстлиги» олийгоҳида таҳсил олиб келаётган талаба З.Ш.нинг отаси Ф.Ш. қизининг таҳсилини Ўзбекистондаги Олий таълим муассасаларидан бирига кўчириш учун ҳуқуқий маслаҳат сўраб юрган. Унга тумандоши Т.Н. ўзини ижтимоий тармоқлардаги «Study plus» консалтинг фирмасида ишлашини билдириб, ушбу масалани муаммосиз ҳал қилиб беришини билдирган.

Аввалдан ўзига  таниш бўлган Т.Н. уларнинг ишончига кириб, талаба қизнинг ўқишига оид барча ҳужжатларни сўраган ва олган. Ўқишни Ўзбекистонга кўчириш йирик маблағ талаб қилишини, усиз масала ҳал бўлмаслигини билдириб, «хизмати» эвазига 3 300 АҚШ доллари сўраган. Ва Т.Н. 2 400 АҚШ доллари ҳамда 9 миллион 700 минг сўм пулларни алдов йўли билан қўлга киритган.

Орадан ярим йилдан кўп вақт ўтганига қарамай, ўқишининг кўчирилиши масаласи ҳал этилмаган З.Ш. ўзи таҳсил олаётган «Халқлар дўстлиги» олийгоҳи маъмуриятидан ўқишини Ўзбекистон Олийгоҳларидан бирига кўчириш масаласи қачон ечим топишини сўраган. Бироқ, у маъмуриятдан бу борада ҳеч қандай ҳаракат бўлмагани, агар ариза билан мурожаат этганда, кўриб чиқилиши мумкинлиги тўғрисида жавоб олган.

Шундай сўнг З.Ш. отасига «чув» тушганини айтиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро Т.Н. ушбу масалага оид ҳеч қандай ҳаракатда бўлмагани, ҳеч қандай консалтинг фирмасига ҳам ишламаслиги очиқланган.

Бундан ташқари, Т.Н.нинг илгари ҳам турли йилларда жиноят содир этгани юзага чиққан. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди ҳукми билан 9 йил озодликдан маҳрум қилингани, жазони уч йил ўтагач, муддатидан илгари шартли равишда озод этилгани, жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди ҳукмига кўра, 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси олгани,  жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди ҳукми билан 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани аниқланган.

Судда сўроқ қилинган судланувчи Т.Н. айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Фуқаро Ф.Ш.дан ундирган пулларини ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборганини тан олган.

Суд жиноят иши судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган 2.400 АҚШ ва 9.700.000 сўм эканини инобатга олиб, фуқаро Ф.Ш. фойдасига жами 38.841.064 сўм ундиришни лозим топган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисмининг «а» банди билан Т.Н.га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Айбдор жазосини манзил тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг