Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда оммавий заҳарланиш қайд этилди

Тошкентда оммавий заҳарланиш қайд этилди

Жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар фуқаро, шулардан 22 нафари Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси 2024 йилнинг 5 сентябрь куни  Юнусобод туманида жойлашган «MUHTESHEM DONER» кафесида бир неча турдаги таомларни истеъмол қилганлиги маълум бўлди.

Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 12 сентябрь 09.00 ҳолатига уларнинг 13 нафарига уйига рухсат берилган. Қолган 10 нафар беморга даволаш муолажалари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.

Бугунги кунга келиб Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан «MUHTESHEM DONER» кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.

Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин деган хулосага келинмоқда, дейилади Санэпидқўм хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг