Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда шифокорга оғир жароҳат етказилди

Тошкентда шифокорга оғир жароҳат етказилди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Шу йилнинг 26 март куни соат 23:43 да пойтахтимиздаги «103» диспетчерлик хизматига  Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушади.

Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор – 1995 йилда туғилган Бахромжон Ҳазратов)  7 дақиқа ичида зудлик билан етиб боради. Бемор кўрикдан ўтказилаётган вақтда тўсатдан  шифокор Б. Ҳазратовга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказади.

Шифокорнинг олган жароҳатидан кучли қон кетаётганлиги сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса беморнинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта  оғирлигини  инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

— 26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б. Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. — У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган.

Даставвал, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган Б. Ҳазратовнинг бошидан кучли қон кетаётганлиги сабабли қон тўхтатиш учун бошнинг тепа ва энса соҳаларидаги жароҳатга 4 та чок қўйилган.

«Кейинги пайтларда шифокорларга нисбатан аҳоли вакилларининг тез-тез қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳатто, жиддий тан жароҳати етказиш даражасидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини амалга ошираётгани бор гап. Бу, албатта, барчамизни бирдек ранжитади.

Айниқса, ярим тун бўлишига қарамасдан ўз хизмат вазифасини сидқидилдан, фидойиллик билан бажараётган тез тиббий ёрдам шифокорларига нисбатан бундай муносабат кўрсатилишининг кўпаяётгани киши кўнглини хира қилади.

Албатта, айбдорлар қонун доирасида ўз қилмишига яраша жавобгарликка тортилади. Вазирлик бу учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллашни талаб этиб, уни назорат қилади», — дейилади ССВ хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг