Тўйхонадаги заҳарланиш сабаби маълум қилинди
Самарқанд вилояти, Жомбой туманида яшовчи 19 нафар фуқаро тиббиёт бирлашмаларига тўй базмида овқатдан заҳарлангани юзасидан мурожаат қилишгани ҳақида хабар берилганди.
Санэпидхизмат матбуот хизматига кўра, 2022 йил 26 май куни Самарқанд шаҳар Фарҳод қўрғонида жойлашган Фарҳод шаҳарчаси МЧЖга қарашли «Яккасарой» тўйхонасида ўтказилган суннат тўйи тадбирида қатнашганлардан 2022 йил 28, 29, 30 май кунлари жами 19 нафар фуқаро «овқатдан заҳарланиш» ташхиси билан шифохоналарга ётқизилган.
Жумладан, Жомбой туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига Жомбой туман «Олмазор» маҳалласида яшовчи 11 нафар фуқаро, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига «Янгиобод» маҳалласида яшовчи 3 нафар фуқаро, Жомбой туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли «Зарафшон» ҚВПга «Олмазор» МФЙда яшовчи 5 нафар фуқаролардир.
Дастлабки эпидемиологик текширув ва суриштирувлар натижасига кўра, барча беморларда 2022 йил 27 май куни эрталабдан кўнгил айниш, қайд қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби бир хил клиник белгилар кузатилган.
Заҳарланиш сабабларини ўрганиш борасида беморлар ва тўй тадбирига қатнашганлар билан ўтказилган сўров-суриштирувларда фуқаролар ўз касалликлари бошланишини Самарқанд шаҳар «Фарҳод» қўрғонида ўтказилган тўй тадбирида истеъмол қилинган гўштли ассорти маҳсулотлари билан боғлиқлиги аниқланди.
Шифохонада беморларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ошқозони ювилган, тозаловчи ҳуқна қилинган ва беморлардан олинган биоматериал намуналари лаборатория таҳлили учун Жомбой ва Булунғур туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларининг бактериология лабораторияларига юборилган. Беморларда дезинтокцикацион ҳамда симптоматик даво муолажалари ўтказилган.
Тўй тадбирида жами 350 нафарга яқин фуқаролар иштирок этган. Қатнашганларни аниқлаш борасида ўтказилган уйма-уй кўрик ва суриштирувларда Жомбой туман «Олмазор» қишлоғида яшовчи 165 нафар фуқаро, Булунғур туман «Чангал» қишлоғида яшовчи 30 нафар фуқаро ва Жиззах шаҳри «Саройли» МФЙ ҳудудида яшовчи 7 нафар фуқаролар тўй тадбирида қатнашганликлари аниқланди. Жиззах вилоятидан келган фуқаролар тўғрисида Жиззах вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига хабар қилинди ва улар томонидан ўрганилганда 7 нафар фуқарода касаллик белгилари аниқланмаган.
Касалхонадаги барча беморларнинг ҳолати ижобий тарафга ўзгарган. Даволаш муолажалари мувофаққиятли якунланиб, барча беморлар уй-уйига жавоб берилди ва уларнинг соғлиги кузатувга олинган.
«Яккасарой» тўйхонасини ваколатли орган билан келишиш тартибида текшириш ўтказишга белгиланган тартибда буюртма берилган.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Миллий телеканалнинг "MILLAR" янгиликлар дастурида 196 нафар, "MARKAZIY STUDIYA" кўрсатувида 200 нафар фуқаро заҳарланган, дея берган маълумотлари бўрттирилиб кўрсатилган. Тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига мутлақо тўғри келмайди», дейилади Санэпидхизмат хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter