Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«50 минг $ пора иши»да Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулининг ҳам «қўли бор»лиги очиқланди

«50 минг $ пора иши»да Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулининг ҳам «қўли бор»лиги очиқланди

Фото: «Xabar.uz»

Чилонзор тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда ҳамон муҳокама қилинмоқда. Айни ҳолат бўйича билдирилиши керак бўлган расмий муносабат «дам еб» қолаётгани эса турли гап-сўзлар кучайишига сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.

Ниҳоят, «Xabar.uz» бир неча уринишдан сўнг Бош прокуратура матбуот хизматидан «50 минг $ пора иши» бўйича маълумот олишга муваффақ бўлди. Унга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарлар рост.

Айтилишича, шу йилнинг 22 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга Чилонзор туманидаги 1 гектар футбол майдони (бир сотихи 14.000 АҚШ долларидан баҳоланиб) жами 1 миллион 400 минг АҚШ долларига сотиш режалаштирилаётгани, мазкур «савдо» бошида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.А. (1968 й.т.) ва Чилонзор туман ҳокимлиги инвестиция ва туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Х.Ш. (1985 й.т.) тургани ҳақида тезкор маълумот келиб тушади.

Дастлабки суриштирувда «ер эгалари» шу жойга қизиққан тадбиркордан 50 минг АҚШ долларини аввал («закалат» тариқасида), қолганини бир ҳафта ичида, яъни ҳужжатлар тайёр бўлганидан сўнг беришни талаб қилишаётгани аниқланади.

Ҳолат бўйича шу йилнинг 24 июнь куни ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва пойтахт прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказган тадбирда Б.А. 50.000 АҚШ долларини олган вақтда далилий ашёлар билан ушланади. 

Қўлга олинган пулларни Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи Х.Ш.га олиб бориб бериши лозимлигини айтганидан сўнг тезкор тадбир давом эттирилади. Ва эртаси куни Х.Ш. «ҳамкори» Б.А.дан  50.000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда у ҳам қўлга олинади.

Айни пайтда ҳолат бўйича пора олиш (ЖК, 210-модда) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш (ЖК, 212-модда) аломатлари билан жиноят иши  қўзғатилган.

Гумондорлар ҳибсда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг