Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Аҳмадбой»нинг мол-мулки етказган зарарининг учдан бирини қоплайди. Қолгани-чи?

«Аҳмадбой»нинг мол-мулки етказган зарарининг учдан бирини қоплайди. Қолгани-чи?

Скриншот

Икки йилдан ўтдики, «Аҳмадбой» номи билан тилга тушган чинозлик Аҳмад Турсунбоевнинг номи ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларидан тушаётгани йўқ. Яқин-яқингача суд тизими ходимлари билан бўлган матбуот анжуманларида айни ном эсланган бўлса, энди Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ўтказаётган брифинглар «Аҳмадбой»сиз ўтмаётир.

Бугун МИБ Тошкент вилояти бошқармаси ўтказган брифингда ҳам айни ном яна бир бор «ҳурмат билан» ёдга олинди.

Негаки, масала «финиш»га етаёзган — «Аҳмадбой»га нисбатан чиқарилган суд ҳукми ижросига қаратилди-да. «Бой»нинг узоқ йилга «кесилгани» ўз йўлига, асосий гап — унга пул (мулк) берганлар ҳақини олиши ёки ололмаслиги ҳақида кетмоқда.

Хўш, вазият қандай?

Айтиш жоизки, А.Турсунбоевнинг жиноят иши бўйича нақд 26 млрд. 708 млн. 295,7 минг сўм ва 12 млн. 580 минг 622 АҚШ доллари, шунингдек, заргарлик буюмлари ҳамда 29 та кўчмас мулк объекти, 8 турдаги автотранспорт воситаси ва бошқа мол-мулклар етказилган зарар миқдорини қоплаш учун хатланган эди. Ижро ҳаракатлари натижасида қарздорнинг 3 турдаги кўчмас мулк объекти ва 1 та автотранспорт воситаси электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилиб, пул маблағлари Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси депозит ҳисоб рақамига келиб тушган.

Умумий ҳисобда тергов давомида хатланган ҳамда мол-мулк сотувидан тушган пул маблағлари ҳозирда 146 млрд. сўмни ташкил этади.

«Аҳмадбой» эса, ҳукмга мувофиқ, 11 700 нафар жабрланувчига жами 418 млрд. 293 млн. 345 минг 854 сўм тўлаши керак!

Кўринадики, А.Турсунбоевнинг аниқланган «бор буди» зарарларнинг учдан бирини қоплашга етади, холос.

Тўғри, МИБ ходимлари қўлидан келганини қиляпти. Яъниким, мурожаат қилган ҳақдорлар рўйхатини шакллантирди, банк пластик картаси йўқларга бепул карта очиб берди, боз тушган пулларни пропорционал тақсимловчи электрон дастур жорий этди. Бундан ортиғини улардан талаб қилиб бўлмайди. Қозонда бори чўмичга чиқади, ахир?!

Ўжар рақамлар эса шу ҳолатдаям «Аҳмадбой» «фойда»да ўтирганини тасдиқлаётгандек. Бори қарзларининг учдан бирига етмоқда, қолган икки қисмини ундиришга назарий имконият бор, амалда эса йўқ. Чунки «ҳеч вақоси қолмаган» (ростданам шундаймикан?) одамдан нимаям ундириш мумкин?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг