Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда масъул шахслар ДХХ томонидан қўлга олинди

Андижонда масъул шахслар ДХХ томонидан қўлга олинди

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ер сотиш билан боғлиқ бир нечта фирибгарлик ҳолатларини аниқлади.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси ходими 2 нафар шериги билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарога фермер хўжалиги ташкил қилиши учун Хўжаобод тумани ҳокимиятидаги мансабдор танишлари орқали 100 гектар ер ажратиб, тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига ундан 128 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар ўзларининг бу ёрдамлари учун аванс сифатида 7 минг доллар олганликлари аниқланди.

Шунингдек, олган пулларининг 70 минг долларини Андижон вилоят Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасида ишловчи танишига беришлари кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам пул олган вақтида ушланди.

Муқаддам Андижон шаҳар хокимлигида котибият мудири лавозимида ишлаган, бир неча бор судланган шахс маҳаллий фуқарога мансабдор танишлари орқали вилоят марказидаги Шимолий кичик саноат зонасидан 80 сотих ер майдони олиб бериш ва бу борада шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг