Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 "Айбни бўйинга олиш" - янги тартиб ва халқаро тажриба

 

Жиноят ишларини кўришда айбини бўйнига олиш тўғрисидаги келишув - қонунчиликда  катта янгилик. Ҳар қандай янгилик эса амалиётда силлиқ кечмаслиги маълум. Айтилади-ку, қонун қабул қилиниши - ишнинг ярми, холос. Қолгани унинг ижросига боғлиқ, деб...  

Шундан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби «Минтақавий мулоқот» ҲНН билан ҳамкорликда «Ўзбекистон жиноят ишлари бўйича судларида айбига иқрорлик келишуви” мавзусида халқаро тренинг ташкил қилинди. Зеро, Ўзбекистон суд амалиёти учун янги бўлган айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти самарали қўлланилиши учун унинг хорижий тажрибаси, ижобий ва салбий тарафларининг таҳлили ниҳоятда муҳим.

 Судьялар учун махсус ташкил этилган мазкур тадбирда жиноят ишларини кўришда айбини бўйнига олиш тўғрисидаги келишув институти хорижий тажрибаси, бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар хусусида сўз юритилди. Шунингдек, Словения ва АҚШ жиноят судлари тажрибасида мазкур тартибнинг қўлланилиши самарадорлиги ва салмоғи, юзага келадиган мураккабликлар ва уларнинг самарали ечимлари ҳақида ҳам гап борди.

Халқаро экспертлар фикрига кўра, Словения суд амалиёти Ўзбекистон амалиётига бир қанча яқин, мазкур янги тартибни қўллашда деярли ўхшашликлар бор. Лекин АҚШ амалиётининг ўзига хослиги "Айбига иқрорлик битими"нинг фарқли жиҳатлари мавжудлиги кўрсатади. “АҚШ судлов қонунчилиги асосида айбланувчи ёки судланувчи томонидан айбига иқрорлик келишуви имзоланганида жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг манфаатлари қай даражада ҳимоялангани масаласига тўхталиш лозим. Зеро, ушбу жараёнда жабрланувчи, фуқаровий даъвогарнинг розилиги ёки қаршилиги келишувни амалга оширишда деярли инобатга олинмайди», — дейди АҚШ Федерал суди судьяси Айван Лемелл. Шу ўринда, халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалда бўлган ярашув институтининг жабрланувчининг манфаатлари таъминланиши нуқтаи назаридан устунлик қилаётган ижобий жиҳатларига эътибор қаратилди.

Тренингда иштирок этган жиноят ишлари бўйича судьялар ва Судьялар олий мактаби тингловчилари айбига иқрорлик келишуви борасида  ҳалқаро экспертларга қатор муҳим саволлар билан юзландилар. Хусусан, айбига иқрорлик келишуви имзоланишида адвокатларнинг ўрни, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишида айбланаётган шахслар билан келишув тузишнинг ўзига хос жиҳатлари, дастлабки тергов босқичида тузилаётган айбига иқрорлик келишуви устидан суд назоратини самарали йўлга қўйиш зарурлиги ва бошқа муаммоли масалалар борасида мунозаралар бўлиб ўтди.

Тренинг якунида тадбирдан қилинган хулоса ва таклифларга кўра, халқаро майдонда самарали қўлланилаётган ушбу процессуал институтнинг миллий жиноят-процессуал қонунчилигига киритилиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада ишончли ҳимоялаш жараёнидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди. Бу борада халқаро ҳамкорликни конструктив давом эттириш борасида хорижий ҳамкорлар билан келишиб олинди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг