Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ махсус маърузачиси нималарни тавсия этди?

БМТ махсус маърузачиси нималарни тавсия этди?

Фото: Халқаро пресс-клуб

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бир неча кун Ўзбекистонда бўлиб, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди. Соҳа мутасаддилари билан учрашувлар ўтказди, жойларда бўлди. Кеча меҳмоннинг сафари қариб, ўз миссияси якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди.

«Advokatnews.uz» сайтига кўра, матбуот анжуманида жаноб Диего Гарсия-Саян Ўзбекистон ҳукуматига тизимни ислоҳ қилишга доир олти банддан иборат тавсиялари берганини маълум қилиб, уларнинг умумий мазмуни билан таништириб ўтди.

Қайд этилишича, тавсиялардан иккитаси – судлар фаолиятини Давлат хавфсизлиги хизмати ва прокуратура органларининг таъсиридан холи этиш тўғрисида. Жаноб Гарсия-Саян прокурорлар ёзган айблов хулосаларининг суд актларида деярли айнан акс этаётгани ҳақида гапириб, бу каби ҳолатлар ва уларнинг омиллари бартараф этилмас экан, судьялар қарор қабул қилишда холис ва мустақил бўла олмаслигини таъкидлади.

Яна икки тавсия судлов тизимидаги ислоҳотларга оид. БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистонда судьяларни тайёрлаш, ўқитиш ва тайинлаш амалиётидаги янгиликларни умуман олганда ижобий баҳолайди. Шу билан бирга, ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш ва тизимни мумкин қадар шаффофлаштиришга интилиш лозимлигига урғу берди. Жумладан, деди жаноб Гарсия-Саян, суд мажлисларини ёзиб олиш, судьялар чиқарган актларни матбуотда мунтазам чоп этиш йўлга қўйилса, катта ижобий қадам бўлур эди.

БМТ махсус маърузачисининг яна бир тавсиясида инсон ҳуқуқлари таъминланишини кафолатловчи халқаро меъёрларни миллий қонунчиликка сингдириш хусусида сўз боради.

Ниҳоят, олтинчи тавсия адвокатура соҳасига бағишланди. Жаноб Гарсия-Саян ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан адвокатларга тазйиқ ўтказиш, адвокатнинг профессионал фаолиятига ва шу орқали унинг ҳимоясидаги фуқаронинг ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланишига халал бериш ҳолатлари ҳақида маълумот олганини айтди ва «муаммо тизимли тус олмаганига умид қилишини» билдирди.

«Ўтган кунларда мен тергов изоляторларида, маъмурий қамоқ жазосини ўташ жойларида бўлдим, – деди Махсус маърузачи. – Адвокат ўз мижози билан учрашиши учун алоҳида хоналар жиҳозланганини кўрдим. Бу ишлар яхши, албатта. Энди бу хоналардан амалда тўлақонли фойдаланилишига шароит яратиш керак».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг