Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқмоқдамиз — Шаҳноза Мирзиёева

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг айтишича, болаларга нисбатан зўравонлик бўйича Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқилмоқда. Мақсад — енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, мумкин бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришиш.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонлик учун жазонинг муқаррар бўлиши, енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, мумкин бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришиш учун ташаббус билан чиқилиши ҳақида Instagram саҳифасида маълум қилди.
«Мен кўпинча шу савол устида ўйланаман: катта ёшдаги инсон қайси паллада боладаги инсоний қиёфани кўрмай қолади? Қачон ғазаб ва безовталик зўравонлик учун баҳонага айланади? Бола ҳимоя қилишга "улғайиб етиши" мумкин эмас. Ҳимоя унинг ҳаққи сифатида унинг илк нафасидан бошлаб мавжуд бўлиши шарт. Шарт-шароитларга боғлиқсиз, мутлақ ва кафолатли тарзда», — деди у ўз постида.
Унинг айтишича, сўнгги ойларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича изчил ишлар олиб бормоқда. «Бугунги кунда мазкур мавзу янги, янада юқори босқичга кўтарилмоқда», — деди у.
«Биз Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқмоқдамиз. Мақсад — болаларга нисбатан зўравонлик қилган шахслар жазодан четда қолмаслиги, жавобгарлик адолатли ва муқаррар бўлиши, енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, мумкин бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришишдир», — деди Мирзиёева.
Таъкидланишича, ҳозирда Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ шакллантирилмоқда.
Ушбу гуруҳ қуйидаги аниқ ва амалий ўзгаришлар устида иш бошлаб бўлган:
- болаларга зиён етказган шахслар учун жазо чораларини янада кучайтириш;
- шафқатсизликка йўл қўйганлар учун болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш;
- жавобгарликни тезкор ва самарали таъминлаш мақсадида ягона тартибдаги тезкор протоколларни жорий этиш.
«Мен зўравонликни "тасодиф" деб ҳисобламайман. Бу — ҳар доим катталарнинг онгли танловидир. Демак, бунинг муқобили сифатида бошқа бир танлов ҳам бўлиши шарт: уни тўхтатиш танлови. Оқлаш эмас. Муаммога кўз юммаслик танлови», — дея постини якунлаган Мирзиёева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter