Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бош прокуратуранинг расмий муносабати эълон қилинди

Бош прокуратуранинг расмий муносабати эълон қилинди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўзбекистонда сўз эркинлиги, ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш эркинликлари конституциявий ҳуқуқ сифатида эътироф этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий муносабати эълон қилинди.

«Сўнгги йилларда амалга оширилган очиқлик сиёсати, халқ билан мулоқотнинг сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанлиги, жамоатчилик назоратининг кучайиши, фуқароларнинг ушбу ҳуқуқлардан кенг фойдаланиб, ўз фикрлари, мулоҳазалари, хулосалари ва танқидларини эркин ҳолда билдиришаётганлиги ҳам инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Айниқса ижтимоий тармоқлар 31 миллиондан ошган интернет фойдаланувчиларининг жуда оммабоп фикр алмашиш майдонига айланди, ушбу имкониятлар нафақат ижтимоий, балки тадбиркорлик ғояларини ҳам ривожланишига туртки бўлди.

Бу қадриятлар ва ҳуқуқлар ҳар бир жамиятнинг ривожи учун катта аҳамият касб этиши барчага аёндир.

Эркинлик ва ҳуқуқлар бор жойда албатта иккинчи томондан масъулият ва жавобгарлик, бошқа учинчи шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари, манфаати борлигини унутмаслик ҳамманинг бурчидир.

Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонун устуворлиги ва қонунлар устидан назорат қилувчи идора сифатида, нафақат сўз эркинлигининг таъминланиши, балки бу борадаги қонунларга риоя қилиниши, ўзгаларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишининг олди олиниши ва қонунда белгиланган чоралар кўрилиши масалаларига бир хил муҳим вазифа сифатида қарайди.

Афсуски, ахборот тарқатиш ва улашиш, умуман ахборот майдонида бўлаётган жараёнлар ва муносабатлар таҳлили бу борада эркинликларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари, туҳмат ва ҳақорат қилиш, сўз эркинлигини ўз шахсий манфаатлари йўлида қуролга айлантириш, ёлғон ёки чалғитувчи ахборот тарқатиш орқали ўзининг аудиториясини кенгайтиришга уринишлар авж олганлигини кўрсатади.

Кейинги вақтларда, ОАВ ва Интернет тармоғи орқали туҳмат ва ҳақорат қилиш, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотлар тарқатиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Бош прокуратура қонунлар билан тақдим этилган эркинлик ва ҳуқуқларни суиистеъмол қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини, барқарор ахборот маконида ўзаро ҳурмат қилган ҳолда мулоқот қилиш, айниқса қонунларда белгиланган тартиб ва талабларга сўзсиз риоя қилиш муҳимлигини яна бир бор таъкидлаш ва эслатишни лозим деб ҳисоблайди.

Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасида веб-сайт эгаси, блогерлар фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ва бошқа ахборотни тарқатишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари қаторида ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шартлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон қонунчилигидаги ушбу нормалар ахборот тарқатиш соҳасидаги халқаро эътироф этилган ҳужжатлар мазмунига тўла мос келади.

Масалан, Халқаро журналистлар федерацияси қабул қилган Халқаро журналист этикаси хартиясининг 10-бандига кўра, фактларни нотўғри талқин қилиш (аслидан бошқача қилиб кўрсатиш), бўҳтон, туҳмат ва асоссиз айблаш журналист касбий этикасининг қўпол бузилиши ҳисобланади.

Мазкур хартиянинг 13-бандига кўра, журналист матбуот эркинлигидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслиги, ахборотни тарқатиш ёки тарқатмаслик эвазига ноқонуний равишда шахсий манфаат олишдан тийилиши лозим.

Ҳозирги кунда “Telegram” каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорлик юзасидан бир гуруҳ фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёнларида улар адвокат билан таъминланган ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланмоқда.

Ушбу жараён ҳақида тегишли маълумотлар тўлиқ бериб борилаётганига қарамай, айрим шахслар томонидан жараённи ҳуқуқий макон доирасидан чиқариб, ўз субъектив талқини орқали оммани чалғитувчи ахборотлар тарқатишга уринишлар бўлмоқда.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура яна бир бор қуйидагиларга эътиборни қаратади.

Биринчидан, ушбу ҳолатларнинг “сўз эркинлигига таҳдид” деб талқин қилиниши ҳақиқатга мутлақо зид.

Конституцияда белгилаб қўйилган сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилишига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Прокуратура органлари фуқароларнинг ушбу ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишларни амалга оширишда давом этади.

Иккинчидан, юқорида таъкидланганидек, “сўз эркинлиги” каби муҳим қадриятнинг ўз шахсий манфаатлари йўлида қуролга айлантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бунга йўл қўйилмайди.

Сўз эркинлиги бошқа шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Мазкур жараёнда, айрим шахслар сўз эркинлигини ниқоб қилиб олган ҳолда товламачилик билан шуғулланиши жамиятда фуқаролик жамияти институтларига ишончнинг сўнишига, журналистика ва блогерлар ҳамжамиятининг обрўсизланишига олиб келиши мумкин.

Учинчидан, ҳар қандай соҳада бўлгани каби ахборот соҳасидаги қонунбузилишлар учун ҳам жавобгарлик муқаррарлиги таъминланиши муҳимдир. Журналистлик ёки блогерлик фаолиятини юритиш қонунларни четлаб ўтишга ҳеч қачон асос бўла олмайди.

Юқоридаги ҳуқуқбузарликлар бўйича вазиятдан кўриниб турибдики, ахборот майдонида туҳмат, ҳақорат, ёлғон ахборотни тарқатиш каби жиноятларга қарши кураш бугун пайдо бўлиб қолмаган, балки сўз эркинлигини таъминлаш билан баробар равишда мунтазам кечаётган жараёндир. Чунки ахборот соҳасидаги трансформация ўз навбатида бу йўналишда ҳам қонунийликни таъминлашни тақозо қилади.

Юқоридагиларга кўра, прокуратура органлари барча жиноят ишларида бўлгани каби ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятлар бўйича ишда ҳам қонун устуворлигини тўлиқ таъминлаш, ишнинг тўғри ва адолатли ҳал этилиши учун барча назорат функцияларини амалга оширади. Ҳар бир гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига айбловдан ҳимояланиш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усуллардан фойдаланиш имконияти берилади.

“Telegram” каналлари ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган жиноятлар бўйича иш моҳиятини бузиб кўрсатиш, ёлғон ахборот тарқатишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди. Одил судловни амалга оширишда тўсқинлик қилиш, суд ва тергов жараёнига аралашишга бўлган уринишларга қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Ўз навбатида, Бош прокуратура оммавий ахборот воситалари, шу жумладан блогерлар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдиради», дейилади Бош прокуратура муносабатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг