Бухорода солиқчининг озодлиги тўрт йилга чекланди
Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш шўъбаси давлат солиқ бош инспектори вазифасида ишлаб келган Х.Х.нинг озодлиги 4 йилга чекланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судяси маълум қилди.
Таъкидланишича, инспекция бош инспектори Бухоро шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганларнинг савдо дўконларида ўрганишлар олиб борган. Х.Х. ўзига аввалдан таниш бўлган тадбиркор Р.Ш.га унга тегишли бўлган савдо дўконида келгусида текшириш ўтказмасликни ваъда берган. Шунингдек, солиқ инспекцияси мансабдор шахслари орқали ҳам бу «хизмат»ни таъминлаб туриш ва унинг фаолиятига раҳнамолик қилиб юриш эвазига 200 АҚШ доллари беришни талаб қилган. Бундан ташқари, ҳар чоракда 150 АҚШ доллари олиб туришга келишган.
«Узоқ йиллар солиқ инспекциясида фаолият юритиб келган бош инспектор ўзи томонидан талаб қилинган 150 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушланган», — деди суд раиси.
Айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг турли моддалари қўлланилган.
У суд ҳукмига кўра, узил-кесил 2 йил муддатга Давлат солиқ органларининг жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш тузилмаларида ҳамда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шунингдек, унга 4 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Тергов жараёнларида Х.Х. га нисбатан қўлланилган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида қамоқдан озод қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter