Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаролик судлари: рақамлар нималарга далолат қилади?

Фуқаролик судлари: рақамлар нималарга далолат қилади?

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судларида кўриб чиқилган ишлар ҳисоботини эълон қилди.

Олий маҳкама расмий вакили Азиз Обидовга кўра,  ўтган вақт давомида  фуқаролик судларида жами 138 962 та иш кўриб чиқилган. Мазкур кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга камайганини кўрсатади.

Ҳисобот даврида 69 млрд. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томондан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ундириш ҳақида 60 282 та суд буйруғи чиқарилди. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сумма бўйича 68,1 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 71,3 фоизга камайди. Кўринадики, фарқ катта. Буни фуқароларнинг тўлов маданияти ортиб бораётгани билан изоҳлашмоқда мутахасисслар.

Кўриб чиқилган ишлар бўйича 120 081 та ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Уларда даъво талабларнинг 86,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди. Демак, судга мурожаат қилган фуқароларнинг аксариятини муроди ҳосил бўлмоқда. Иккинчидан, мазкур рақамлар одамларда ўз  ҳаққига даъвогарлик ҳисси тобора шаклланиб бораётганини ҳам кўрсатади.

Ўжар рақамлар никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ низолар «етакчилик» қилаётганини кўрсатади. Қаранг-да: ҳал қилув қарори қабул қилинган даъво тартибидаги 98 080 та фуқаролик ишларидан 27 701 таси никоҳдан ажратиш билан боғлиқ низоларни ташкил этади. Ундан кейинги ўринда битимлар билан боғлиқ низолар (24 233 таси) бўлса, 1 165 таси ишга тиклаш, 1 045 таси турар жойдан кўчиришга оид ва бошқа ишлар ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, ҳал қилув қарори қабул қилинган 27 701 та ишнинг 16 739 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (қонуний никоҳлар бекор қилинган), 10 962 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (қонуний никоҳлар бекор қилинмаган). Бундан ташқари, 3 945 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган ёки кўрмасдан қолдирилган.

Ҳар учта фуқаролик ишининг биттаси сайёр суд мажлисларида (52 696 та) кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 791 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилинди ва 95 та суд қарорлари ўзгартирилди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг