Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаёт Шамсутдинов ким?

Ҳаёт Шамсутдинов ким?

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бирор давлат органи ёки ташкилотига матбуот котиби тайинланиши фавқулодда воқелик эмас. Бундай лавозим эгаси ўзи хизмат қилаётган муассасанинг биринчи раҳбари ҳисобланмайди ҳам. Шунга қарамай оммавий ахборот воситалари ходимлари учун давлат органларининг биринчи раҳбаридан ҳам унинг матбуот котиби ким экани қизиқроқ. Йўлларимиз шу лавозимни банд қилиб ўтирган киши билан кесишади-да одатда.

Қолаверса, энди вазият ҳам ўзгарган: Президент қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг матбуот котиблари мақоми кўтарилиб, зиммасига шунга яраша масъулият ҳам юклатилди. Демак, шу бугун Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарлигига тайинлангани эълон қилинган Ҳаёт Шамсутдинов билан яқинроқ танишиш фойдадан ҳоли эмасдай.

Қисқа фурсатда «йиққан-терган» маълумотларимизга кўра, Ҳ.Шамсутдинов, фарғоналик. Адлия маслаҳатчиси (подполковник даражасидаги ҳарбий унвон). Прокуратура Матбуот хизматида ишлаш тажрибасига эга. Чамаси, ўн йиллар бурун, Светлана Артиқова Бош прокуратура матбуот хизматига раҳбарлик қилиб, катта-кичик эътирофларга сазовор бўлган пайтда унинг қўл остида ишлагани айтилади. Ортиқова хоним Олий Мажлис Сенатига кўтарилиб кетгач, то янги матбуот котиби тайинлангунга қадар шу вазифани вақтинча бажариб турган ҳам.

Фаолиятини туман прокурори ёрдамчиси вазифасида бошлаган Ҳ.Шамсутдинов Фарғона вилоят прокуратурасида ишлаган, Бош прокуратурадаги чамаси уч йиллик фаолиятидан сўнг Қўқон шаҳар прокурори ўринбосари этиб тайинланади.

Қўқон шаҳар прокуратурасида ишлаш тизим ходимлари учун чинакам синов дейиш мумкин. Кейинги йигирма йил ичида қадимий шаҳар прокурорга ёлчимади, ҳисоб. Бу вақт мобайнида бирорта прокурорга бир муддат (беш йил) ишлаш насиб этмади. Уларнинг аксарияти шу лавозимдан кўтарилиб эмас, «урилиб» кетгани кўп нарсаларга далолат қилади.

Ҳ.Шамсутддинов Қўқон шаҳар прокурори ўринбосари сафатида салкам тўрт йил ишлади (шу тўрт йилда шаҳар прокурори икки марта алмашади). Кейин Фарғона вилоят прокурорининг кадрлар билан ишлаш бўйича катта ёрдамчиси лавозимига лойиқ кўрилади. Прокуратура тизимида биринчи тозалаш ишлари бошланганда у Бош прокуратуранинг Кадрлар бошқармаси катта прокурорилигига ўтказилади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари этиб тайинлангунга қадар Фарғона вилояти прокурорининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича катта ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётганди.

У она тилидан ташқари рус ва инглиз тилларини билади. Ҳатто рус тилини ўзбекчадан ҳам яхшироқ билиши айтилмоқда.

Ҳозирда сенатор Светлана Артиқова пайтида бир кўзга кўриниб, сўнг ўз даврига монанд фаолият кўрсатиб, Сурайё Раҳмонова раҳбар бўлиб келгач, тамомила янгича босқичга кўтарилган Бош прокуратура матбуот хизматига ким раҳбар бўлишини ОАВ вакиллари сабрсизлик билан кутишаётганди, рости. Мана, биз тез-тез безовта қиладиган мутахассис билан қисман танишдик.

Медиаоламнинг «ғалағовур» муҳитига хуш келибсиз, Ҳаёт Неъматович!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг