Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жабрланувчининг қайниси суд залидан қамоққа олинди

Жабрланувчининг қайниси суд залидан қамоққа олинди

Иллюстратив фото.

Бировнинг нонини  туя қилиш бунча осон бўлмаса?!

Дурдибойни «биров» деб бўлмайди аслида, Жуманиёзга почча бўлади. Туғишган опасининг кўз очиб кўргани.

Дурдибой ўзини бегона эмас, қайниси чув тушириб кетишини туш кўрибдими?!

Ўттиз тўққиз бош қорамолни шунга ишонибди-я. Жуманиёз нима қилди? Ҳамма қорамолни олмиш миллион сўмдан кўпроққа сотиб, пулини ўзлаштирворди.

Алам қиладими? 

Бўлмаса-чи?! Жон қариндошинг фириб берса, бегонадан не умид?!

Жуманиёзнинг шу билан нафси қонса, қани?! У яна бир таниши — Қадамбой  оғанинг ишончига кириб,  «Ҳар бош қорамолингизни ойига 40.000 сўмдан боқиб бераман» деб, лаққа туширсами? Шу тариқа Қадамбой оғанинг тўрт бош қорамоли қулоғини ушлаб кетди. Жониворлар кўтара савдода ўн беш миллиондан камига кетмасди...

Нима қилиш керак? Қишлоқ шароитида бунча маблағ ҳазилакам қувватга эгами?

Керакли идорага ёздилар. Дарҳол суриштирув бошланиб, жиноят иши кўзғатилди. Дастлабки тергов ва судда Жуманиёзга имконият берилди: зарарларни  тўла, барака топгур, панжа ортини кўрмайсан...

Йўқ, зарарлар қопланмади.

Оқибатки, суд уни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топди ва ЖКнинг57-моддасини қўллаган ҳолда 5 (беш) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жуманиёз суд залидан қамоққа олинди.

Зарарлар қопланмагунча мушкулинг осон бўлмаслигини наҳот тушунмасанг?!

Неча марта айтилди, ахир?!

Д.Муратов,
жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси в.б.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг