Журналистлар ҳоким судга келишини талаб қилишмоқда
Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов вилоят ҳокимлигининг нашри – «Андижоннома» ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятини судга бергани ҳақида хабар қилгандик. Сабаби газетанинг шу йил 2 март сонида чиққан ўзи ҳақидаги «Ўзи хон, кўланкаси майдонми?» сарлавҳали танқидий мақола (муаллиф Қобилжон Асқаров).
Ҳокимнинг «Мақолани қонун талабларига зид деб топиш (?-таҳр.) ва раддия чоп этиш мажбуриятини юклаш тўғрисида»ги даъво аризаси юзасидан дастлабки суд мажлиси шу йилнинг 29 май кунига белгилангани, бироқ даъворгар (ёки унинг ишончли вакили) келмагани боис суд бошқа кунга қолдирилганидан ҳам ўқувчиларимизнинг хабари бор.
Қисқаси, ҳокимнинг даъвоси юзасидан ФИБ Андижон туманлараро судида 14-19 июнь кунлари икки марта суд мажлиси бўлиб ўтди. «Xabar.uz» манбасига кўра, кейинги суд мажлиси уч ярим соат давом этиб, унда 20 нафарга яқин (!) гувоҳларнинг сўзлари тингланди. Бироқ суд ҳали якунига етгани йўқ. Томонларнинг илтимосидан келиб чиқиб, суд бошқа куни давом эттирилажаги айтилмоқда.
Дарвоқе, судга ҳокимнинг ўзи келгани йўқ. Унинг номидан ишончли вакили қатнашмоқда. Жавобгар томон — таҳририят вакиллари эса судга ҳоким шахсан келишини сўрашмоқда. Негаки, «Ўзи хон, кўланкаси майдонми?» мақоласида Улуғбек Исомиддиновнинг шахси ва фаолиятининг айрим қирралари қаламга олингани боис уларга аниқлик киритиш учун судда ҳокимнинг шахсан иштироки тақозо этилади, дейишмоқда журналистлар.
Журналистларнинг шу ҳақда судга киритган илтимосномаси қаноатлантириладими, йўқми — бу ҳозирча муаллақ турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter