Lex.uz сайтининг янги версиясида «ақлли» излаш функцияси ишга тушди

Инсон борки ҳаёти давомида ҳеч бўлмаса бир марта кимдандир пул қарз олади ёки кимгадир қарз беради. Пул олди-бердисида ҳам хоҳ қонуний бўлсин, гоҳ шаръий ўзига хос талаблару қонунлар мавжуд. Аммо, бизда бу нарсага доим ҳам аҳамият берилавермайди, буёғи ўзбекчилик. Шунданми, кимгадир – дўстига, қўшнисига, ҳатто яқин қариндошига берган пулини қайтиб ололмаётган, пул берганини исботлай олмай сарсон бўлаётганлар кўплаб топилади... Ниҳоят, бу масаланинг жуда осон ҳуқуқий ечими топилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан муҳим лойиҳа – ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш Legal Tech электрон ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу тизим устида ишлашда Буюк Британия, Канада, Италия, Германия, Австрияда ва Россия каби ривожланган мамлакатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаси ўрганилиб, мазкур соҳадаги фаолият юритиб келаётган сайтлар таҳлил қилинди. Бу электрон тизим юристлар ёки адвокатлар иштирокисиз ҳуқуқий ҳужжатларни, хусусан, юридик шахслар фаолиятида фойдаланиладиган корпоратив ҳужжатлар намуналарини, жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган шартномалар (масалан, пул олди-бердисига тааллуқли), аризалар, илтимосномалар, битимлар каби бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда тайёрлаш имкониятини беради.
Тизимнинг ишга туширилиши нафақат фойдаланувчиларга, балки давлат органларига ҳам катта қулайлик яратади. Эндиликда ҳуқуқий ҳужжатлар тузишда ортиқча вақт ва ресурс сарфланишининг олди олиниши, интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳар бир шахс ҳужжатни тизим орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириб олиши мумкин ва бу хизматлар мутлақо бепул.
Бу ҳақида бугун Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Шунингдек, анжуманда марказ томонидан амалга оширилган муҳим лойиҳалар ҳақида журналистларга маълумот берилиши билан бирга, Lex.uz сайтининг янги версияси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ундаги янги функциялар, хусусан, «ақлли» излаш функцияси, сўз ўзаги, қисқартмалар, хато сўзлар, синонимлар бўйича излаш алгоритми яратилганлиги, изоҳ қолдириш имконияти, имловий хато ҳақида хабар бериш ёки фойдаланувчи фикр-мулоҳазаларини билдириш имконияти мавжудлиги, мобил телефон орқали фойдаланиш қулайлашганлиги, Android ва iOS амалий тизимлари учун янги версия ишлаб чиқилганлиги, Lex.uz ва бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграцияси йўлга қўйилганлиги янгилик сифатида эътироф этилди. Шу билан бирга, миллий базада рўйхатдан ўтиш жорий этилганлиги, ҳужжатлар кутубхонаси яратилганлиги, норматив-ҳуқуқий ҳамда оператив, ташкилий ва бошқа хусусиятга эга ҳужжатларни алоҳида жойлаштириш механизми ишлаб чиқилганлиги алоҳида қайд этилди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Lex.uzга 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган. Lex.uz доимий кирувчилари сони бир кунда 55-60 минг нафарни ташкил этади. Кўришлар сони 240-250 мингта (бир ойда ўрта ҳисобда 5,3 млн.та)га етди. Lex.uzдан бир ойда 1,5 млн. одам фойдаланмоқда.
Миллий база сайти фойдаланувчилари ҳақидаги рақамларни дунё бўйича солиштирганда унчалик ҳам катта рақам кўринмаса-да, www.lex.uz www.uz рейтингида барча тоифалар бўйича 13-ўринда, маълумот берувчи сайтлар рўйхатида 3-ўринда, қонун ва ҳуқуқ йўналишида 1-ўринда сараланган. Сайтнинг доимий кирувчилар сони бир кунда тахминан 71-72 мингтани, кўришлар сони эса 208-221 мингта (ўртача ҳисобда ойига 5,2 млн.)ни ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда барча соҳаларда АКТ имкониятларидан максимал даражада фойдаланган ҳолда турли югур-югурлару қоғозбозликларни камайтириш бош мақсадга айланган. Адлия вазирлигининг «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази мутахассислари ҳам бу борада тинимсиз изланишда.
Тадбир сўнгида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасида фаоллик кўрсатган журналист ва блогерлар тақдирланди.
Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter