Мажбурий кўчириш ҳақидаги суд қарори бекор қилинди - Омбудсман
Тошкентлик Ольга Абдуллаева оиласининг ўз уйидан мажбурий кўчириш белгиланган суд қарори бекор қилинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) матбуот хизмати маълум қилди.
Гап шундаки, бир тадбиркор Ольга Абдуллаева истиқомат қиладиган ҳудуддан ер майдони сотиб олади. Бу ҳақда ҳоким қарори чиқарилгач, тадбиркор ўша ҳудудда яшовчи оилаларга конпенсация ёки бошқа уй-жой таклиф қилади. Бироқ О. Абдуллаева таклифга розилик бермаганидан сўнг тадбиркор туман фуқаролик ишлари бўйича судига унинг оила аъзоларини мажбурий кўчиришни сўраб мурожаат қилади. Шу тариқа низо тадбиркор фойдасига ҳал бўлади, суднинг мазкур қарори юқори инстанцияларда ҳам ўзгаришсиз қолдирилади.
Ольга Абдуллаеванинг мурожаати Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакилига (Омбудсман) жиддий ўрганилгач, қуйи суд қарорларини бекор қилиш ҳақида Олий суд раиси номига хулоса киритилди.
Жорий йилнинг 29 декабрь куни Олий суд Раёсатида низо юзасидан чиқарилган суд қарорлари қионунийлиги ўрганилиб, низоли ерга берилган кадастр ҳужжатларидаги номутаносибликлар аниқланади. Натижада қуйи судлар қарорларини бекор қилиш, низони биринчи босқич судида қайтадан кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида тўхтамга келинади.
Шу тариқа низо бўйича чиқарилган барча суд ҳужжатлари бекор қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) кейинги суд жараёнларини кузатиб боради, дейилади ахборотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter