Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маъмурий судларда қандай ишлар кўпроқ кўриляпти?

Маъмурий судларда қандай ишлар кўпроқ кўриляпти?

Маъмурий судлар ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. 2017 йил 1 июндан ўз фаолиятини бошлаган мазкур ҳуқуқий институт фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида самарали фаолият юритмоқда.

2018 йил мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, хусусан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш билан боғлиқ 22 052 та иш кўриб чиқилди. Натижада 17 007 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди, 130 та мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий вакили Азиз Обидов маълум қилмоқда.

Шунингдек,  расмий вакилнинг таъкидлашича, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 477 316 нафар шахсга нисбатан 383 733 та иш ҳам кўриб чиқилган. Натижада 317 200 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини транспорт воситаларини қонунга хилоф равишда бошқариш билан боғлиқ, шунингдек, майда безорилик, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, паспорт тизими қоидаларини бузиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 58 015 нафар шахсга нисбатан 57 179 та иш кўриб тамомланган. Шундан 6 264 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, 44 367 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 22 810 нафар шахсга нисбатан 22 182 та иш кўриб тамомланган. Шундан 19 211 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, 1 511 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Маъмурий судлар томонидан 215 788 та иш, яъни барча ишларнинг 56 фоиздан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 3 012 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 481 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган 101 та қарор бекор қилинди ва 69 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг