Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Мулладўстнинг гапи тўғрими?

Мулладўстнинг гапи тўғрими?

Фото:«Abekov.com»

 «...Қози калон, сизлар нимаики қилманг -  ҳаммаси шариатга тўғри келаверади-я?..»

Таъна-изтеҳзо ва  аламга тўла бу гапни  Мулладўст («Майсаранинг иши») айтганмиди? Топиб айтилган гап-да, сираси! Шу асар ёзилганигаям юз йилча бўлди-ёв. Ўтган вақт давомида замонлар неча эврилиб, тузумлар қанча ўзгармади, илло қозиларнинг холислигию ҳалоллиги кун тартибидан тушганича йўқ... Оширвордикми?  Қайдам. Беш бармоқ баробармас, тўғри: ҳалолликка ёпишиб олган суд тизими фидоийларига дунёнинг бор яхшилиги бўлсин!  Бироқ инкор этиб бўлмас манзара шуки, судлар фаолиятидан норозилар оз эмас. Ё бундан тонамизми? Тонаверамизми? Мулладўстнинг гапи бежиз нашъа қилаётгани йўқ: қиларини қилиб қўйган қозиям (судья)  чиқарган қарорини  «қонуний, асосли ва адолатли», деб тураверади ва бунга ҳамма лаққа тушиши керакдай гўё!

...Фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Учтепа туманлараро судида 2013 ва 2018 йилнинг айнан  битта санасида (7май!)  иккита ҳал қилув қарори чиқарилган экан. Моҳиятан бир-бирига яқин бўлган даъволар юзасидан чиқарилган бу суд актларининг оқибати ҳам бир хил: ҳар икки қарор натижасида иккита хонадон  (наинки иккита?!) том маънода хонавайрон  бўлаёзди...

Аввалига 2013 йилнинг 7 майдаги сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори билан танишсак.  ...Нозимхон Мусатаев «Nozimxon madad hamkor» МЧЖ очиб, ишга тушганди. Орада нима жин урди-ю улгуржи савдодан тушган пулларни  кирим қилмасликка ўтди. Банклардаги нақд пул билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган бунга? Эҳтимол. Бироқ бунақа  «касал»ни истимаси қачон ошкор қилмаган?! Хуллас, вақти-соати етиб, ҳаммаси қалқиб чиқади:  кирим қилинмаган пулларнинг умумий миқдори 7.739 067.000 сўм (!) экан... Ҳақли  равишда жавобгарликка тортилди. Ҳозир гап жиноят судининг ҳукми ҳақида  эмас. Гап шу маш-машага бевосита боғлиқ  кейинги жараён – фуқаролик судининг  сиртдан чиқарган ҳал қилув қарор  хусусида.

Ҳал қилув қарори сиртдан чиқарилганининг ўзи суд мажлисида Н.Мусатаев иштирок этмаганини  кўрсатиб турибди. Суд  Зангиота туман Давлат солиқ испекциясининг  Н.Мусатаев ҳам таъсисчи, ҳам раҳбари бўлган «Nozimxon madad hamkor» МЧЖдан боқиманда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш ҳақидаги даъвосини қанотлантиради. Рост, давлат билан ҳазиллашиб бўлмайди: солиқ ва мажбурий тўловлар тўланиши шарт! Тўламаям кўр-чи?! Бироқ ҳаммаси қонун доирасида бўлиши керак-да, акаси кўзидан?! Даъвони у ёқ-бу ёғига қарамай қаноатлантириши натижасида  жавобгарнинг бўйнига 7.739.067.000 сўм қарз, 1.547.813.580 сўм давлат божи  «илинди». Жавобгар эса бу балодан тўрт (!) йил ўтиб, қачонки Мажбурий бюро ижроси ходими тагидаги автоулов ( «Матиз»)ни «тортиб» қўйганидагина хабар топди! Сиртдан ҳал қилув қарори чиқарилар экан, гўёки  бир неча бор чақирилганига қарамай томонлардан кимдир  келмаганини асослаб-текислаб қўйиш суд ходимлари учун муаммо эмас. Шу сабаб  масаланинг айни шу нуқтаси устида баҳслашишнинг фойдаси йўқ.  Бироқ суд қарорини ўз вақтида томонларга жўнатиш ва шу орқали ҳолатдан бохабар этишда судга бериладиган саволлар кўп  амалиётда. Келинг, шу ҳақдаям баҳслашишдан тийилиб,  асосий гапга ўтақолайлик.

 Одамни тириклайин гўрга тиқадиган бунча  сумма қандай пайдо бўлди?

 Суд МЧЖ ғазнасига кирим қилинмаган сумма миқдоридан қанча солиқ ва мажбурий тўловлар  тўланишини ҳисоблаб чиқиб, шунга қараб бир тўхтамга келмаёқ ўша пулни  борича ундириб қўяқолибди?!  Қонун талаби ростанам шунақами?

Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий  макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги  қарорига (ПҚ-1245) мувофиқ 2010 йил 1 январдан  улгуржи савдо корхоналари учун ўтказилган операциялардан тушадиган тушум суммасининг 5 фоизи  миқдорида ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловларини тўлаш назарда тутилган. Бундан  МЧЖ  ўша 7.739.067.000 сўмдан  беш фоиз миқдорида  тегишли солиқ  тўловни амалга ошириши кераклиги келиб чиқяптими? Балли. Бунинг миқдори қанча бўлди?  386.953.350 сўм: (7.739.067.000х5%)!  Бу суд фуқаро бўйнига  7.352.113 650 (етти милиард уч юз эллик икки миллон бир юз ўн уч минг олти юз эллик) сўм ортиқча  қарз илиб қўйганини англатади-а: (7.739.067.000 - 386.953.350= 7.352.113 650!)?

Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қароридаги  бундай даҳшатли рақамларни техник  ёки  очиқ кўриниб турган арифметик хатоми? Йўқ-да, йўқ..

 Бу ҳали ҳаммаси эмас. Астрономик  қарздорлик  ўз-ўзидан  тоғдек давлат божи ундирилишига ҳам олиб келди.  Ажабланарлисики, сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорининг  асослантирувчи қисмида бож миқдори 66.169.800 сўм,  хулоса қисмида эса 1.547.813.580 сўм  дея қайд этилади?!  Бу миқдорлар  қандай ҳисоблаб чиқарилган – суд қарорида на  изоҳ бор, на асос...

Аслида-чи?                                   

Даъво қаноатлантирилган тақдирда ҳам ҳукуматнинг «Давлат божи ставкалари тўғрисидаги» қарори (1994 йил, 3 ноябрь,553-сон) билан тасдиқланган давлат божи ставкаларига кўра (1-қисм,  «а» банди - ўзгартиш ва қўшимчалар билан),  бож ҳақиқий қарздорликнинг (386.953.350) икки фоизи миқдорида ундирилади ва бу миқдор 7.739.067 сўмни ташкил этади (386.953.350х2%=7.739.067).

Қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, бурнига сув кирган бир одамни  керагидан ортиқ даражада хонавайрон этилаётганини тасаввур қиляпсизми?

Албатта, шу кўргуликлар оқибатида  рўзғоридан ҳам, саломатлигидан ҳам барака кетиб, танга санаб қолиш даражасига тушган Н.Мусатаев қараб тургани йўқ. Сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни бошқатдан кўришини сўраб аввал ФИБ Учтепа туман суди раиси М.Имомовга  ариза  берди.  Суд раиси аризасини рад  қилди. Кейин фуқаролик ишлари бўйича  Тошкент шаҳар суди, ҳатто Олий суд ҳам. Судларнинг ҳамма босқичидан келган жавоблар мазмуни бир хил: шикоят қилиш муддатини ўтказиб юборгансиз, аризаларингизда ҳал қилув қарори  мазмунига таъсир кўрсатувчи далиллар йўқ!  Рад қилишга асос шу иккита гап. Шунга қарамай суднинг бирорта босқичи астрономик суммадаги қарздорлик қандай пайдо бўлганини асослаб бермайдиям-да. Ҳолбуки, юқоридаги оддий арифметик ҳисоб-китобларнинг ўзиёқ суд қарори мазмунига жиддий таъсир кўрсатадиган ҳолат эмасми?  Шу ва шу каби саволлар очиқ қолиб келаётган экан, Мулладўстнинг гапини такрор ва такрор ёдга тушаверади-да: “...сизлар нимаики қилманг,  шариат... йўқ, қонунга тўғри келаверади-я?”.

Аслида-ку,  ўтиб кетган даъво ёки ариза муддатини тиклаш, тегишли миқдорда давлат божи ундириш ёки (божни) тўлашни кечиктириб туриш масалалари фуқаролик судларида нечоғли ҳал этилаётганининг ўзи алоҳида мавзу. Бу қонундан кўра кўпроқ судьянинг хоҳишига боғлиқдай кўринади: истаса –  рад этади,  истамаса – йўқ. Ва энг қизиғи, унисигаям, бунисигаям қонунга асос топаверади-я... Мана, кўрдик, Н.Мусатаев сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарорига нисбатан ариза берди: қарорни бекор қилиб, ишни бошқатдан кўринг, деб. Ариза рад этилди: муддати ўтган, тошингни тер! Эрта-бир кун, юқори босқичдаги бирорта судья  шу ўтган муддатни узрли деб топиб, ҳал қилув қарорини бекор қилса, ишонинг, бундан кўпчилик ажабланмайди. Фақат Мулладўстнинг гапини яна бир бор эслаши мумкин, холос:  «...судлар нима қилмасин, қонунга тўғри келаверади-де,окаси...».

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман судида яна бир ҳал қилув қарори чиққан (суд раиси М. Имомов). Бу қарор ҳам 7 май куни қабул қилинган. Шу йил. Мазкур фуқаролик иши муштарийларга бир қадар таниш, олти ой бурун қисман ёритилганди сайтимизда.  Ўтган сафар мавзуга қайтишимиз эслатилгани, қолаверса, Н. Мусатаев «иши»га таққослаш имконияти юзага келгани сабаб  шу ҳақда яна сўз очсак, биров бизни айбситмас.

...Бир қарашда манзара рисоладагидек: А.Гаипназаров деган фуқаро А.Смирнов ва И.Хайтов деган танишларини судга беряпти: «булар мендан жуда катта миқдорда қарз, қарзниям, унга қўшиб фоизи-ю маънавий зарарниям ундириб беринг!». Даъвогар қўлида на асос бор, на инкор этиб бўлмас далил. Камига даъво муддати ҳам ўтиб кетган денг. Устига устак, даъво қилаётган сумма отнинг калласидан каттаки, ундан тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори оддий ўқитувчининг уч йиллик (!) маошидан кўп. Шунга қарамай даъворгарнинг бож тўлаш сиёқи йўқ. Суд раиси нима қилди? Даъво аризани муаммосиз иш юритувга олди (шунинг ўзи даъво муддати ҳатто муҳокама этилмай тикланганини англатади). Қандай асос топмасин, «қонунга тўғри» келаверади-да.  Камига давлат божини тўлашни кечиктириб туриш ҳақида ажрим чиқарди. «Иби, қандай қилиб?». А.Гаипназаров ўзининг “кам таъминланган оила”дан  экани ҳақидаги маҳалла фуқаролар йиғинидан келтирган қоғозни  асос қилиб. Шу тариқа эсон-омон суд процессини бошлаб  юборгандики, кутилмаганда муаммо чиқсами? Маҳалладан келтирилган ҳужжат сохта экан: даъвогар камбағал-памбағал эмас, «Каптива»ни учириб юрган бойвачча бўлиб чиқди-ку?! Бу ёқда жавобгар қисталанг қилишни қилишни бошлади: «Қози бува, даъвогарнинг қимматбаҳо машинасига «арест» солинг, бизнинг ҳам унга нисбатан даъволаримиз бор!». Қозон бошидаги одам қулоқни қайдан чиқаришни билмайдими? Суд раиси сохта ҳужжат тақдим этгани учун «даъвогарнинг жавобгарлик масаласини ҳал этилсин», дея хусусий ажрим чиқаришни хаёлига келтиргани йўқ. Иккинчидан, жавобгарларнинг машинага таъқиқ солиш ҳақидаги аризасини са-ал пайсалга солганди ҳаммаси жойига тушди:даъворгар «Каптива»ни сотишга (эҳтимол, бошқа бировнинг номига ўтказиб қўйилишига) улгуриб, «кам таъминланган оила» соҳиби мақомига қайтди гўё,  раис  эса хотиржамгина  даъвони қаноатлантириб берди!

Қойилмисиз?  Даъвогарнинг бунчалар пешонаси очиқ бўлмаса?  Раис даъво муддати масаласида бошини қотирмади. Сўнг давлат божи тўлови масаласида ҳам мурувват кўрсатилди. Судга тақдим этган сохта ҳужжати фош бўлишига қарамай жавобгарликка тортилгани йўқ. Энг муҳими - суддан муроди ҳосил бўлиб кетди!

Дарвоқе, ушбу фуқаролик иши ФИБ Тошкент шаҳар судининг кассация босқичида кўрилган чоғ унда сайтимиз ходимлари ҳам иштирок этганди. Бу босқичда аввал  кузатилмаган ҳолат рўй бергани алоҳида таъкидга лойиқ: ниҳоят, даъвогар суд мажлисига  келтирилди (аввал  фақат адвокатигина кўриниш берар экан-да). Суд жараёнида А.Гаипназаров гапини йўқотиб қўйган-ю пойма-пой  жавобларидан судьялар мазза қилиб кулишганини шу манзара гувоҳлари қотиб-қотиб айтиб келишди.  Шунга қарамай, ҳал қилув қарори, «қарз» суммасидан фоиз ундириш қисми бекор қилингани айтилмаса, ўзгаришсиз қолди барибир! Қизиғики, судга келгунча даъвогар ИИБга мурожаат қилган, бу жараёнда жавобгарларга нисбатан жиноят иши очилиб, улар бир муддат ҳибсга олинганди ҳатто. Аёвсиз терговларга қарамай уларнинг «қарз олиб, бермай юргани» исботини топмади. Кам учрайдиган ҳолат: жиноят иши ёпилиб, гумондорлар қўйиб юборилди. Кейинроқ ИИБ терговчисининг «жиноят ишини тугатиш ҳақидаги» қарори бир эмас, уч марта бекор қилинди, шунча марта қайта тергов ўтказилди, натижа ўша-ўша: Смирнов ва Хаитов айбсиз, фирибгарлиги ҳам, бировдан қарздорлиги ҳам тасдиқланмади... 

Уч карра тергов йўли (!) билан ўрганилганда исботини топмаган А.Гаипназаровнинг важлари фуқаролик судида «бир» деган асосли деб топилиб, даъвонинг қаноатлантирилиши, билгичларнинг айтишича, фантастикага яқинроқ ҳолат экан... Балки, балки...

Албатта, суд қарорларига нисбатан шикоят бериш мумкин. Ҳамма бало шундаки, биринчи босқич судининг дастлабки мажлисларидаёқ жавобгарларнинг бор мулкига таъқиқ солиб қўйилган (бу таъқиққа  жавобгар И.Хаитов ҳамтаъсисчи бўлган корхонаям тушиб, фаолияти тўхтаб қолгани натижасида ўн беш нафар ишчисининг қозони сувга тушганига анча бўлди). Юқорига чиқиш учун эса бож тўлаш керак. Бож тўлай дейишса, сотиши мумкин мулклари таъқиқда.  Бож тўлашни кечиктириб турадиган М.Имомовдай меҳрибон судья уларга учрамаяпти...

Барибир Мулладўстнинг гапи тўғри шекилли: «Қози калон, сизлар нимаики қилманг – қонунга тўғри келаверади-я... ».

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг