Мянмада одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликлар қутқарилди

Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Мянмада одам савдоси қурбони бўлган ўзбекистонликларни ўз оиласи бағрига қайтишида амалий ёрдам кўрсатди, дея хабар берди «Дунё» АА.
Маълум бўлишича, икки нафар фуқаро Таиландга интернет орқали юқори маошли ишга таклиф қилинган. Бироқ Таиландга етиб келганидан сўнг улар алданиб, ноқонуний равишда Мянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топшириб, у ерда ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланилган.
Шунингдек, Қирғизистоннинг 8 нафар, Қозоғистоннинг 4 нафар фуқароси ҳам Мянмада худди шундай вазиятга тушиб қолган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги сабабли Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатди.
Мянма ва Таиланд ваколатли органлари билан келишиб, алданиб қолган фуқаролар Маесот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилинган.
11 апрел куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида учала мамлакат фуқаролари ўз оиласи бағрига қайтарилди. Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ ҳолда тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter