Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Очиқлик сиёсатига тарсаки» – Олий Мажлис «антиқа қонун» қабул қилди

«Очиқлик сиёсатига тарсаки» – Олий Мажлис «антиқа қонун» қабул қилди

28 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фото ёки видеотасвирга олиб интернет орқали тарқатганларни 15 суткагача қамоқ билан жазолашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.

Муҳокамалар пайти депутат Дониёр Ғаниев янги киритилаётган норма президент юритаётган очиқлик сиёсатига зидлиги ҳақида гапирган.

Жамоатчилик эътирозига қарамай қонуннинг тасдиқлангани блогерларнинг кескин танқидига учради.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев «антиқа қонун» қабул қилинганини «оғриган қулоқни даволаш эмас, кесиш»га муқояса қилган.

«Бу шу деганики, эртага бирорта нопок, ўз ишига нолойиқ ва қонунбузар ички ишлар ходимининг видеоси ёки суратини интернетга жойласангиз, сизга жамоатчилик назоратидаги фаоллигингиз, тизимни тозалашдаги ёрдамингиз учун раҳмат айтишмайди, балки аксинча 15 суткагача тиқиб қўйишади.

Аслида бунақа алоҳида моддага эҳтиёж борми? Йўқ! Ушбу қонун нормасига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ ва бу эртага фақат зарар келтиради.

Ҳозирги қонунларимизда ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан қаршилик қилганларга жазо борми? Бор!

Ички ишлар ходимини ҳақорат қилгани учун (хоҳ ҳаётда, хоҳ интернетда) жазо борми? Бор!

Ички ишлар ходимига туҳмат қилиб, уни обрўсизлантиргани учун жазо борми? Бор!

Бўлди-да, унда яна нима керак сизларга?

Ўзи амалиётда энг кўп сохта айблов қўйиладиган моддалардан бири – ички ишлар органлари ходимига қаршилик қилиш, деган модда эди, кимнидир 15 суткага қамаш керак бўлса, одатда мана шу «дежурний» айбловдан фойдаланишарди. Энди яна битта «дежурний» модда қўшиляпти, ички ишлар ходимини обрўсизлантирмоқчи бўлди, деб қамашлар кўпаяди. Чунки нима обрўсизлантиришу нима обрўсизлантириш эмаслиги ҳақида аниқ чегара йўқ. Жуда ёмон иш бўлибди лекин», – деб ёзди Х.Худойбердиев.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров баҳсли қонуннинг қабул қилинишини «Ўзбекистонни полиция давлатига айлантириш йўлида катта қадам» деб атаган.

«Биз маиший ташвишларга ўралаштирилиб, масалан, свет ва сув учун курашиб ётган пайтда, Ўзбекистонни полиция давлатига айлантириш йўлида катта қадам ташланибди. Анонссиз, ҳеч бир жамоатчилик муҳокамаларисиз, дастёр парламент воситасида.

Обрўсизлантириш ва ҳақорат учун қонунчиликда жазо бор. Нормал ҳуқуқий давлатда бу қоидалар барча учун амал қилади.

Агар полиция ё ички ишлар ходимлари учун учун алоҳида қоидаларни белгилаш бошланса, куч, маъмурий ресурслар ва маблағлар нотенг тақсимлангани, айниқса, мустақил суднинг йўқлиги шароитида фуқароларни репрессив аппаратга «гаровга топшириб» қўйган бўламиз.

Полиция давлатига айланган давлатда полиция репрессиялардан холи бўлади, деб ўйлаётган бўлсангизлар, қаттиқ адашасизлар»,дея эҳтимолий хатардан огоҳлантирган О.Бакиров.

Собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербоев фикрича, парламент қуйи палатаси қабул қилган қонун сўнгги йилларда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган натижаларни бутунлай йўққа чиқариши мумкин.

«Бугун Қонунчилик палатаси томонидан тоталитар режим сари олиб борадиган қонун қабул қилинган.  Унга кўра, фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари (ички ишлар, прокуратура, суд, ДХХ, Миллий гвардия ва ҳ.к.) ходимларини хизмат вазифасини бажараётган вақтида фото ёки видеога олиб, интернетга жойлаштирса бу обрўсизлантириш сифатида баҳоланиб, маъмурий жаримадан тортиб 15 суткагача қамалишлари мумкин.

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деганларидек, катта эҳтимол билан суд ҳам бундай ҳаракатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимини обрўсизлантириш, дея баҳолайди.

Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўз ичидаги билимсиз, қўпол, қонунбузар ходимларининг ҳаракатларини халқдан яширмоқчи. Чунки уларни тарбиялай ҳам олмади, йўқотиб ҳам қутулмади.

Бундан буён қийноқлар оқибатида ўлаётган фуқаролар, қонунни бузаётган зўравон ходимлар ҳақида ҳеч ким хабар топмайди ва жиноятлар яширилади.

Бошқа бирорта соҳа ва касбни ҳимоялаш учун бундай жазо белгиланмаган. Одатда тоталитар режимли давлатларда шу каби қонунлар бўлади. Чунки улар халқ уларнинг қонунбузарлигини кўришини истамайди. Афсуски, бу Ўзбекистон тарихидаги энг катта ортга қайтиш даври», дея таассуф изҳор қилган Р.Кушербоев.

Блогер Қобилжон Хидиров ҳам қонун лойиҳасини «очиқликка бир тарсаки» деб баҳолаган.   

«Бу норма чиқарилиши керак. Шундоқ ҳам нотўғри ахборот тарқатганни, дарҳол топиб, узр сўраттириб, жазолашмоқда»,дейди блогер.  

Парламент қуйи палатаси тасдиқлаган қонун эндиликда сенат ва президент томонидан маъқулланиши керак. Журналист Шуҳрат Латипов парламент юқори палатасини қонунни рад этиб, уни қайта ишлашга ундаган.

«Энди умид сенат ва (унинг раиси) Танзила Норбоевадан»,деб ёзади Ш.Латипов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг