Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий суд «Xabar.uz»да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди

Олий суд «Xabar.uz»да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди

Фото:«Xabar.uz»

«Xabar.uz» сайтида эълон қилган (2019 йил 17 июнь) «Андижон туманлараро суди судьяси Олий суд раиси баёнотини шубҳа остига қўйди» сарлавҳали мақолада «Андижанская правда» газетаси мухбири Шефие Иманқулова суд мажлисига қўйилмагани, судья Насибулло Қамбаров «мухбирни судга чақирмаганман!» деган важ билан журналистни очиқ суд мажлисига киритмагани ҳақида сўз юритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилди.

Аввало таъкидлаш жоизки, судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги таъминлаш тизимда амалга оширилаётган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс экани маълум.  Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарияти оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада  кучайтириш тарафдоридир. Бу борада аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилгани ҳам кенг жамоатчиликка маълум. 

Мақолага келсак. «Андижанская правда» газетаси мухбири Шефие Иманқулова фуқаро М.Мамаджанованинг  аризаси юзасидан  журналистик суриштирув ўтказиш жараёнида суд мажлисида иштирок учун фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига бориб, суд мажлисида иштирок этишида муаммо туғилгани айтилган ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилди. Маълум бўлишича, судья Н.Қамбаров мухбирни шахсан кўрмагани, гаплашмагани, журналист унга суд мажлисида иштироки масаласида мурожаат қилмаганини баён қилди. М.Мамаджанованинг адвокати Ш.Ўринбоевага кўра, унинг ҳам мижози мурожаати бўйича суд мажлисида мухбир иштироки ҳақида аввалдан хабари бўлмаган, судьянинг мухбирга суд мажлисида иштирок этишига рухсат бермагани хусусида ҳам бехабар бўлганини билдирди. Мухбир, унинг ўзи ва мижози томонидан судья гўёки журналист Ш.Иманқуловани суд мажлисига киритмагани ҳақидаги далолатномага келсак, у (адвокат)нинг тушунтириш беришича: «далолатнома суд мажлиси тугаб, ҳал қилув қарори эълон қилингандан сўнг коридорда  ёзилган».

Чамаси, мақола муаллифини шу далолатнома чалғитган кўринади.

Қайд этиш керак,  судда адвокат Ш.Ўринбоева даъвогар томоннинг эмас, балки мухбирга мурожаат қилган жавобгар томоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган.

Бундан ташқари хизмат текшируви давомида Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси 1-алоҳида баталиони 3-отряд сафдори Одилжон Каримов билан суҳбат ўтказилганда, 2019 йил 27 май куни фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди биносида хизматда бўлганлигини, шу куни суд биносига ўзини мухбир ёки журналист сифатида таништириб, бирор шахс мурожаат қилмаганлигини, бинога кирганларни қайд этиш дафтарига ёзиб борганлигини билдирди.

Албатта, журналистнинг  очиқ суд мажлисида иштирок этиши унинг ҳуқуқи бўлиб, бунга ҳеч қандай монелик йўқ. Ёпиқ суд мажлиси бундан мустасно, албатта. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг  очиқ суд мажлисларида аудио, видео, фото воситалардан фойдаланиши эса (тарафларнинг розилиги билан) фақат раислик этувчининг рухсати билан амалга оширилади. Бу ҳам қонун талабидир.

Журналистларнинг очиқ суд мажлисларида иштироки масаласида баъзи ҳолатларда тушунмовчилик юзага келаётгани бор гап. Алоҳида таъкидлаймизки, бу борада муаммо туғилса,  унга зудликда ечим топишга имконият бор. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизматининг қуйидаги  телефон рақамига қўнғироқ қилиш кифоя:71-239-02-43.

Олий суд Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг