Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прокурор «Чироқчи воқеаси» айбдорларига 10 йилгача сўради

Прокурор «Чироқчи воқеаси» айбдорларига 10 йилгача сўради

Фото: «Дарё»

Шу йилнинг январь ойида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилган, бир неча ИИБ ходими ҳибсга олинишидан ташқари туман ва вилоят ИИБдаги қатор масъул ходимлар ишдан олинганди.

Хабарингиз бор, шу кунларда «Чироқчи воқеаси» айбдорлари иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К.Толлибоев раислигида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда.

Суд ишида давлат қораловчиси сифатида иштирок этаётган Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шаҳбоз Абдиев судланувчиларга сўраётган муддатини маълум қилиб, гаров эвазига очиқда қолган судланувчиларни суд залидан қамоққа олишни сўраган. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Таъкидланишича, суд музокарасида сўз олган прокурор Шаҳбоз Абдиев Чироқчи туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган судланувчи Нурбек Овлаев ҳамда Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Анвар Жонқобиловлар 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини билдирган.

Прокурор шунингдек, марҳум Юсуф Абдураҳмонов истиқомат қилган ва мол ўғрилиги бўйича шикоятлар кўпайган Лангар қишлоғининг собиқ профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов ҳам 3 йил муддатга ИИБ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йил муддатга умумий тартибли колонияларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи лозимлигини маълум қилган.

Шаҳбоз Абдиев 2020 йил 21—22 январь кунлари ИИБ биносида ўғриликда гумонланган марҳум Юсуф Абдураҳмонов билан шерикликда айбланиб, қийноққа солинган ота-бола Қурбон Остоноев ҳамда Баҳром Авлиёқуловларни ИИБ биносига олиб борган профилактика инспектори Адҳам Тожиноровнинг ҳам ИИБда ишлаш ҳуқуқи 3 йилга чекланиши ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинишини сўраган.

Давлат қораловчиси Лангар қишлоғидаги мол ўғрилиги бўйича Президент порталига қилинган мурожаатни ўрганиш мақсадида ушбу қишлоққа бориб, мурожаатчи номидан тилхат ёзган ва мурожаатни сохта ҳужжатлар билан ёпишга уринган Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Бобурмирзо Ғайратов ҳам 2 йил 6 ой муддатга ИИБ тизимида ишлашдан маҳрум қилиниб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиниши лозимлигини таъкидлаган.

Прокурорнинг қўшимча қилишича, судланувчилар — Нурбек Овлаев, Анвар Жонқобилов, Шерзод Раҳмонов ҳамда Адҳам Тожиноровлар ҳисобидан марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева фойдасига 52 миллион 750 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, суд музокарасида сўз олган марҳумнинг қонуний вакили Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни суд залидан озод қилишни сўраганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг