Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қалбаки ҳужжатлар муҳр изларини сохталаштиришдан бошланади

Қалбаки ҳужжатлар муҳр изларини сохталаштиришдан бошланади

Давлат органлари фаолиятида, мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаётида турли юридик фактлар, муносабатлар ва ҳодисаларни тасдиқловчи ҳужжатлар муҳим ўрин тутади. Улар маълум ҳуқуқларни таъминлайди, ўз ўрнида муайян мажбуриятлардан ҳам озод қилади, давлат органлари, хўжалик ва жамоат ташкилотлари, муассасалари фаолиятидан келиб чиқадиган турли ҳолатларни тасдиқлайди. Ҳужжатларнинг қонуний кучини берувчи ҳамда уларни эҳтимолий қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи асосий реквизитлар имзо ва муҳр ҳисобланади.

Масъул шахслар номидан имзо ва муҳрларни қалбакилаштириш давлат учун ҳам, жамият учун ҳам хавфлидир. Жиноятларни тергов қилиш жараёнида кўпинча ишда ашёвий далил бўладиган, яъни жиноят содир этиш ёки унинг изларини яшириш воситаси сифатида фойдаланиладиган ҳужжатларни экспертиза қилишга тўғри келади. Бундай ҳолда, кўпинча тадқиқотнинг вазифаси ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлашдир.

Ташкилотнинг асл муҳри билан тасдиқланган ҳужжат юридик кучга эга. Шахсий ёки компания муҳрининг мавжудлиги ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди ва ҳужжатнинг бетакрорлигини исботлайди. Муҳр ҳужжатнинг расмий кучга эга эканлигини кўрсатади. Дейлик, рецептдаги муҳр дори аниқ бир шифокор томонидан ёзилганлигини тасдиқлайди. Шунингдек, муҳрга эга бўлиш қўшимча масъулият ва муайян мажбуриятларни ҳам юклайди.

Жамоат ва давлат ташкилотлари, йирик компаниялар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар ўз муҳрларига эга. Муҳр ва штампларнинг ҳар бир тури учун маълум талаблар мавжуд: тури, шакли, унда акс этиши керак бўлган мажбурий маълумотлар шулар жумласидандир. Муҳр компания, тадбиркор ёки жисмоний шахснинг эҳтиёжлари учун буюртма қилинади. Шунингдек, муҳр йўқолганда ва дубликат керак бўлганда янги матрицага буюртма берилиши керак. Бошқа ҳолатда, ҳеч бир ҳужжатларсиз, асл муҳрнинг изига кўра муҳр тайёрлашга буюртма бериш ҳам мумкин. Тажрибали уста бир кунда керакли маҳсулотни тайёрлаб беради.  

Муҳр ва штамп изларини суд эскпертизасидан ўтказиш орқали жиноят ишини очишда кўмак берувчи муҳим жиҳатлар аниқланади. Бу ҳолатлар асосан жиноят содир этилган воқеа деталларини ойдинлаштиради, жумладан, жиноятни содир этиш усули (ҳужжатдаги муҳр ёки штамп изларини қалбаки экани орқали аниқланади), содир этилган жой (аниқ бир босмахонада шрифтлар тайёрлангани аниқланади), ишга туширилган вақти (ҳужжатдаги муҳр изи тахминий вақтини аниқлаш) га ойдинлик киритиш билан экспертиза ҳуқуқ  тартибот органлари ишига катта ёрдам беради.

Экспертиза орқали жиноятнинг бошқа жиҳатларини аниқлашга ёрдам берадиган фактлар ҳам юзага чиқади. Масалан, жиноят натижасидаги зарарнинг ўзига хослиги ва миқдори (қалбаки қиммат қоғозлар сонини аниқлаш орқали) муҳим жиҳатлар ҳисобланади.

Тажрибамда муҳр ва штамп излари қўйилиш усулларини аниқлаш керак бўлган кўплаб ишларни кўришга тўғри келган. Шунда эскпертнинг олдига кўплаб саволлар кўндаланг туради. Муҳр ҳужжатда бевосита чизилганми? У ягона нусхадами ёки бошқа ҳужжатдан нусха кўчирилганми? Ёки бўлмаса саноатдаги клише ёрдамида қўйилганми?

Тасаввур қилиш қийин, лекин бор гап – фирибгарнинг номига масъул ташкилотнинг ходими экани ҳақида гувоҳномага тайёрланган. Гувоҳномадаги муҳр ўрнида эса оддий танганинг  Ўзбекистон Республикасининг герби қавариқ тасвири бўлган юзасидан из босилган. Бошқа бир ҳолатларда ҳақиқий муҳрда ишлатиладиган рангли сиёҳли принтер ёрдамида сохта муҳр қўйилган, шунингдек, компьютер технологиялари ёрдамида муҳр изи «яратилган» ҳолатлар ҳам бор. Буларнинг бари, жумладан, фотополимер усули билан қўйилган қалбаки муҳр изларини ҳам эскпертизада аниқлаш имкони мавжуд.

У ёки бу ҳужжатни расмийлаштиришда муҳр ёки штампга нисбатан бошқа реквизитлар (имзо, ёзувлар ва матн) жойлашуви кетма-кетлигини ҳар бир киши билиши керак. Мавжуд қоидага кўра, ҳужжатдаги имзо муҳр билан тасдиқланади, яъни аввалига имзо қўйилади, кейин эса имзо устига муҳр босилади. Кимдир бу тартибга кўп ҳам эътибор бермайди. Лекин, ўриннинг алмашинуви, кетма-кетликнинг бузилиши тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келишини унутмаслик керак.

Агар эскпертиза маълум бир ҳужжатнинг муҳр орқали қалбакилаштирилганини исботласа ва шахс бу ҳужжатни тайёрлаганини рад қилса, эксперт муҳр ва матнни жойлаштириш кетма-кетлиги ҳақида саволни олдига қўйиши мумкин. Эҳтимол, вараққа аввал муҳр қўйилгандир. Кейин матн терилган бўлиши эҳтимолини назардан қочирмаслик керак. Буни аниқлаш учун бланкадаги матн ва муҳр изи кесишмаларини ўрганиш керак бўлади.

Айрим ҳолларда бирор бир фирма ёки хусусий корхона масъул ходими ўз муҳрини ҳеч нарса ёзилмаган, оппоқ, бўш  бланкага босиб тайёр қилиб қўяди. Бундан кимдир қонунга хилоф тарзда фойдаланиб қолиши, жумладан, катта миқдордаги қарз олиш, қандайдир тўловларни тўлаш ва ҳоказо манфаатларни кўзлаши мумкин. Баъзан корхона раҳбари муҳрни қаровсиз қолдирган ҳоллар ҳам учрайди. Қўл остидаги ходимлар эса тоза қоғозларга муҳрни босиб, кейин ўз мақсадлари йўлида ана шу муҳрли қоғозни қўллаган ҳоллар маълум. Бундай раҳбарлар ўз ходимларига шунчалар ишонадиларки, то катта бир зарар аниқланмагунча, шубҳа қилиш хаёлига ҳам келмайди. Охирида эскпертиза аввал муҳр қўйилганми ёки матн ёзилганми деган масалани ўрганишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам муҳр ва штамп билан ишлашда ҳушёр бўлиш, уларни сақлаш ва  ишлатишда жиддий ёндашиш талаб қилинади.Бирор ҳужжат борасида шабҳа пайдо бўлганда юридик шахслар қатори оддий ватандошларимиз суд эскпертизаси бўлимларига ҳам мурожаат қилишлари мумкин. 

Нодира Фозилова,
Самарқанд вилоят суд экспертизаси хатшунослик
ва 
техник экспертиза бўлими етакчи эксперти

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг