Расул Кушербаев хусусий мулкни бузилишдан сақлаб қолиш йўлини айтди
Охирги вақтларда кўчмас мулклар, шу жумладан уй-жойларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари (снос) учун, деган важ билан бузишда қонунбузилиш ҳолатлари кўпайиб кетди, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
Унинг қайд этишича, масъуллардан қонунларга риоя этишлари қанча талаб қилинмасин, мулк дахлсизлигини бузганлик учун уларга нисбатан жазосизлик ва манманлик сабаб қонунларни бузишда давом этаётган мансабдорлар ҳамон учраб турибди. Айниқса, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келаётган мурожаатларда кўплаб фуқаро ва тадбиркорларнинг мулклари ғайриқонуний йўллар билан бузилиб, компенсация ҳам қопланмаганлиги кўринмоқда.
Бироқ бундай бебошлик узоқ давом этиши мумкинмас.
Шу боис, депутат мулкдор ва тадбиркорлардан ўз мулкларини ҳимоя қилишда бир қатор жиҳатларга эътибор беришларини сўраган:
– Агар сизнинг жойингизни бузиб, ер участкасини олиб қўйишмоқчи бўлса, дастлаб бу ҳақида расмий «огоҳлантириш хати»ни талаб қилинг.
«Огоҳлантириш хати» беришса, унда қандай мақсад учун сизнинг жойингиз бузилишга тушаётганлигини яхшилаб ўқиб чиқинг. Бордию, кўп қаватли уй, савдо маркази ёки бошқа хилдаги тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қурилиш белгиланган бўлса, билингки, Сизнинг жой ёки уйингизни ғайриқонуний равишда бузишмоқчи.
Чунки сизнинг кўчмас мулкингиз фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учунгина мажбурий бузилишга тушиши мумкин.
Қайси ҳолатлар давлат ва жамият эҳтиёжларига кириши эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги 5495-сонли Фармонида аниқ белгилаб қўйилган.
Унга кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:
- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;
- халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
- фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
- автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
- аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Бошқа барча ҳолатларда ер участкасини олиб қўйиш учун кўчмас мулкни бузиш ғайриқонунийдир.
Мулкингиз давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилишга тушган тақдирда ҳам Сиз бундан норози бўлсангиз, токи суд томонидан бу иш кўрилиб қонуний қарор қабул қилинмагунча, сизнинг танлов ва талабингизга кўра компенсация ва бошқа тўловлар тўлиқ қопланмагунча мулкингизни бузишлари мумкинмас.
Буни ёдда тутинг ва талаб қилинг! – деб ёзади Расул Кушербаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter