Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенат аъзолари сони қисқартирилмоқда

Сенат аъзолари сони қисқартирилмоқда

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама этилди.

Ушбу қонунга кўра, сенат аъзолари жами 100 нафардан 65 нафарга қисқартирилмоқда. Бунда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда. Бунда Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда.

Бундан ташқари Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилиши назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат,  100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиши мумкинлиги ҳамда парламент текширувини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида тузиладиган биргаликдаги махсус комиссияси томонидан ўтказиши белгиланмоқда.

Қонуннинг юқорида қайд этилган Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номларини ҳамда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланмоқда.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг