Сергелидаги фожиа бўйича терговга халақит қилмаслик сўралди
Сергели туманида аёл киши уч нафар фарзандини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, ҳозирги кунда содир бўлган воқеа билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан турли ижтимоий тармоқларда суриштирувлар ўтказилиб, вафот этган шахс ҳамда унинг яқин қариндошларининг шахсий ҳаёти, шаънига доир маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатиб келинмоқда.
Қайд этилишича, тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилмоқда.
«Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланишини эслатиб ўтамиз.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, тергов тугагунига қадар ижтимоий тармоқларда ушбу фожиага оид маълумотларни тарқатмаслик ва фуқаролар шахсий ҳаётини муҳокама қилмасликка чақирамиз.
Тергов натижаси ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни соат 19.20 ларда Сергелида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Оқибатда барчаси ҳодиса жойида вафот этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 103 (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter